Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонга ташриф буюради

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов шу йилнинг 7-8 октбярь кунлари Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Туркманистон ҳукумати порталининг ёзишича, ушбу ташрифга тайёргарлик масаласи шу йилнинг 2 октябрь куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида муҳокама қилинган.

Хабарда қайд этилишича, ташриф доирасида олий даражада Ўзбекистон — Туркманистон мулоқотлари ўтказилади.

Шуни қайд этиш керакки, Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳмедов мунтазам ўзаро ташриф алмашиб туришади.

Охирги марта Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 2014 йилнинг 23-24 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлган эди.

Статистика маълумотларга кўра, Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2013 йилда 353,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2014 йилнинг январь-август ойларида 246 миллион долларга етди. Лекин томонларнинг имкониятлари бу рақамлардан анча юқорилиги қайд этиб келинади.

Ўзбекистон ва Туркманистоннинг иқтисодий ҳамкорлигида транспорт коммуникациялари муҳим йўналишлардан биридир. Икки мамлакатнинг автомобиль ва темир йўллари яхши интеграциялашган тизим бўлиб, нафақат Ўзбекистон ва Туркманистон, балки учинчи давлатлар учун ҳам қулай транзит мажмуи вазифасини ўтамоқда.

Мамлакатлар икки ва кўп томонлама асосда транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Хусусан, Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон янги халқаро транспорт-коммуникация коридорини барпо этиш бўйича 2011 йили имзоланган битим муҳим геостратегик аҳамиятга эгадир.

Ушбу ғоянинг ҳаётга татбиқ этилиши Марказий Осиё давлатларини Яқин Шарқнинг иқтисодий фаол кўрфазларидаги бандаргоҳлар билан боғлаш имконини беради. Бу келгусида божхона соҳасида, автомобиль, темир йўл ва денгиз транспорти орқали юк ташиш ва транзит қилишда қулайликлар яратилишига йўл очади.