Уч нафар олим инфекцияга қарши курашишдаги ютуқлари учун Нобель мукофоти совриндори бўлди

Стокгольмда физиология ва тиббиёт соҳаси бўйича 2015 йилги Нобель мукофоти лауреатлари эълон қилинди. Нобель мукофоти кенгаши қарорига кўра, мукофотни уч нафар олим соҳадаги хизматлари учун бўлиб олишади.

Хусусан, мукофот жамғармасининг бир қисмини ирландиялик Уильям Кэмпбелл ва япониялик Сатоси Омура паразитлар орқали юқадиган инфекцияларни даволашнинг янги усулларини яратгани учун, иккинчи қисмини эса Хитойлик Юю Туга безгакни даволашнинг янги усулларини топгани учун берилади.

Хабарларда айтилишича, Кэмпбелл ва Омура онхоцеркоз ҳамда лимфатик филяриатоз касалликларини даволашга оид дорини яратган. Юю Ту эса безгакка қарши асосий дори — артемизинни яратган. У безгак билан оғрийдиган ва ҳалок бўладиганлар сонини кескин камайтириш имконини берди.

SHARE