Академик Зокиржон Салимов вафот этди

Кимё соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Зокиржон Салимов 75 ёшида вафот этди. Ўзбекистон Президенти, парламент палаталари раҳбарлари, Бош вазир ва бошқалар марҳумнинг оила-аъзоларига таъзия билдиришди.

З.Салимов 1940 йили ишчи оиласида туғилган бўлиб, 1962 йили Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)ни тугатиб, мазкур олий ўқув юртида аспирантурада таҳсил олди. 1967 йилда номзодлик, 1976 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1987 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.

Истеъдодли олим ўзининг қарийб 50 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент политехника институти катта ўқитувчиси, доценти, профессори, кафедра мудири, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, Кимё институти директори, Умумий ва ноорганик кимё институти раҳбари каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди ва юртимизда кимё-технология соҳасидаги долзарб илмий масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.

З.Салимовнинг кимёвий технология жараёнлари ва қурилмалари соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган дарслик ва ўқув қўлланмалари, кўплаб мақола ва рисолалари илмий жамоатчиликка яхши маълум. Айниқса, унинг раҳбарлигида яратилган нефть-газ конденсати аралашмаларини сувсиз ҳайдаш технологияси ҳозирги кунда мамлакатимиз нефтни қайта ишлаш заводларида самарали қўлланаётганини таъкидлаш жоиз.

Жонкуяр ва талабчан раҳбар сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган заҳматкаш олимнинг бевосита бошчилигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.

Ислом Каримов, Ниғматилла Йўлдошев, Нурдинжон Исмоилов, Шавкат Мирзиёев, Шавкат Солиҳов томонидан йўлланган таъзияда атоқли олим, камтарин инсон Зокиржон Салимовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолиниши қайд этилган.

SHARE