Ўзбекистон ўз туризм салоҳиятини намойиш этмоқда

“Ўзэкспомарказ”да 5 октябрь куни “Ипак йўлида туризм” ХХI Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси очилди. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирнинг очилишида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, меҳмонхоналар вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимиз туризм индустрияси қадимийлик ва замонавийликни ўзида мужассам этган. Ўзбекистон тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари бутун дунёда қадрланади. Юртимизнинг бой маънавий-маданий мероси ва ранг-баранг табиати экотуризм, геотуризм, альпинизм, экстремал, маданий туризм, балиқ ови, рафтинг каби сайёҳликнинг замонавий турлари учун қулай имконият яратмоқда.

Сайёҳлик йўналишлари кенгаяётгани, транспорт коммуникациялари ва хизмат кўрсатиш яхшиланаётгани самарасида юртимизга келаётган сайёҳлар тобора кўпайиб бораётир. 2014 йилда мамлакатимизда сайёҳлик хизматлари ҳажми 2013 йилга нисбатан 116 фоиз, шундай хизматлар экспорти 120 фоизни ташкил этди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида юртимизга келган хорижлик сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоиз ўсди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси халқаро туризм бозорида муносиб ўрин эгаллаган. Ҳаво кемалари парки ва аэропортлар модернизация қилингани, парвозлар географияси кенгайгани юртимизга сайёҳларни жалб этишда муҳим омил бўлмоқда. Пойтахтимиздан Самарқанд ва Қаршига қатновчи юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поезди сайёҳларга манзур бўлмоқда.

Бугун Ўзбекистонда 1279 сайёҳлик ташкилоти, жумладан, 548 меҳмонхона, сайёҳлик базалари ва кемпинглар, 731 сайёҳлик компанияси фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1993 йилда аъзо бўлган. 2004 йилдан буён Самарқандда Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Буюк ипак йўлидаги минтақавий маркази фаолият кўрсатмоқда. Ўзаро ҳамкорликда халқаро сайёҳлик ярмаркалари, анжуманлар ва семинарлар ташкил этиб келинмоқда. Ўтган йилнинг октябрь ойида Самарқандда ўтказилган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси туризм индустрияси ривожида муҳим қадам бўлди.

Бу йилги ярмаркада Ўзбекистон, АҚШ, Буюк Британия, Бельгия, Германия, Испания, Италия, Франция, Швейцария, Латвия, Россия, Польша, Словакия, Чехия, Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Вьетнам, Малайзия, Таиланд, Туркия, Доминикан Республикаси, Исроил, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатлардан етти юздан зиёд фирма ва компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.

– Компаниямиз Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида биринчи марта иштирок этмоқда, – дейди Таиланд меҳмонхоналари уюшмаси бош котиби Сучин Жиэнжитлерт. – Ўзбекистонда бизнес юритиш, хусусан, сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятлар яратилган. Таиландда Ўзбекистонга ташриф буюришни истовчилар жуда кўп. Ушбу ярмаркада мамлакатингизнинг туризм соҳасидаги имкониятлари билан яқиндан танишиш, Ўзбекистоннинг фирма ва компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатишни мақсад қилганмиз.

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини қамраб олган. Унда туроператорлар, турагентлар, йирик тармоқли меҳмонхона мажмуалари ҳамда хусусий отеллар, санаторийлар, курортлар, автотранспорт компаниялари, авиаташувчилар, глобал буюртма тизимлари, турбизнес ва бошқа сайёҳлик хизматларининг дастурий таъминотчилари, музейлар ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш ва дам олиш саноати корхоналарининг хизматлари, соҳага оид замонавий технологиялар намойиш этилмоқда. Ярмаркада бизнес, экологик, спорт ва маърифий саёҳат, экскурсия, круиз, меҳмонхона ва ресторан сервиси, соҳага доир кўчмас мулк ва суғурта, соғломлаштириш, гастрономик туризм каби йўналишларга оид бўлимлар иш олиб бормоқда.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” миллий павильонида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан сайёҳлик фирма ва компаниялари иштирок этмоқда. Унда ўқув ва соғломлаштириш марказлари, театрлар, музейлар, сайёҳлик агентликлари, “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг ҳудудий бўлимлари, Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси хизматлари таклиф этилаётир.

– Очиқ осмон остидаги музейимизда кўп минг йиллик меъморлик, халқ амалий санъатига оид доимий кўргазма ва экспозициялар ташкил этилган, – дейди Хивадаги Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхонаси вакили Мақсуд Абдурасулов. – 140 дан ортиқ археологик обидалар кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинмоқда. Ходимларимиз томонидан меъморий обидалар, ноёб ашёлар ва нодир коллекцияларни сақлаш, ўрганиш ҳамда кенг миқёсда тарғиб этиш борасида изчил изланишлар олиб борилмоқда. Моддий-маданий меросни асраб-авайлаш, илмий тавсифлаш, ёшларимиз қалбида миллий ғурур туйғуларини кучайтиришга хизмат қилувчи янги музейлар, экспозиция ва кўргазмалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида миллий маданий меросимизни хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш, минтақамизга чет эллик сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида жаҳоннинг нуфузли сайёҳлик компания ва фирмалари билан шартномалар тузишни режалаштирганмиз.

Ярмаркага ташриф буюрувчилар Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти билан ҳам танишиши мумкин. Ярмарка доирасида ташкил этилган “Миллий таомлар фестивали”, “Шарқ бозори”, “Узумнинг қуёшли шингиллари” экспозицияларида иштирокчиларга ўзбек миллий таомлари ҳамда саховатли заминимизда етиштирилган сархил мева ва сабзавотлар билан танишиш, миллий пазандачилигимизга оид маълумотларга эга бўлиш имконияти яратилган. Анжуман қатнашчилари “Ҳунармандлар шаҳри” бўлимида намойишга қўйилган маҳоратли усталар томонидан нозик дид билан ишланган миллий ҳунармандлик буюмларини катта қизиқиш билан томоша қилаётир.

Ярмаркада таълим туризмига оид алоҳида бўлим ташкил этилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис ҳамда Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтлари, қатор касб-ҳунар коллежларида сайёҳлик маркетинги ва менежменти, хизмат кўрсатиш, халқаро туризм, меҳмонхона хўжалиги ва ресторан иши йўналишлари бўйича мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилган. Ушбу бўлимда мазкур таълим муассасалари ва “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг ўқув маркази тақдим этилган.

– Мамлакатимизда сайёҳликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети халқаро туризм факультети доценти Маҳбуба Алиева. – Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида ташкил этилган таълим туризми стендларида бу борадаги ютуқ ва имкониятлар яққол намоён бўлмоқда. Факультетимизда меҳмонхона хўжалиги, сайёҳлик маркетинги ва менежменти ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрланмоқда. “Ўзбектуризм” миллий компанияси, АҚШ, Буюк Британия, Испания, Франция, Греция, Италия, Малайзия каби мамлакатларнинг олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.

Кўргазма доирасида ташкил этилган “Hosted Buyers” (“Профессионал харидорлар”) дастури учрашувларида хорижий компаниялар раҳбар ва менежерлари мамлакатимиздаги сайёҳлик йўналишлари билан танишиш, ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзаро манфаатли шартномалар тузиш имконига эга бўлмоқда.

Ярмарка доирасида “Маданий меросни асраш Ўзбекистон сайёҳлик соҳаси ривожининг муҳим омили” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. “Ўзбектуризм” миллий компанияси ва ЮНВТО ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда маданий меросни асраб-авайлаш ва ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу туризмни ривожлантиришда алоҳида ўрин тутаётгани таъкидланди.

Конференцияда Ўзбекистоннинг Ипак йўлида туризмни ривожлантиришдаги ўрни, маданий мерос объектларини асраш, ўрганиш, жаҳон миқёсида кенг тарғиб ва ташвиқ этиш, бу орқали туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик соҳасида кадрлар тайёрлашнинг истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди.

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти, компания ва меҳмонхона тақдимоти, энг яхши стенд, тематик бўлим ва туристик имкониятлар, энг яхши сервис, энг яхши дизайн, кўп йиллик ва сермаҳсул ҳамкорлик каби қатор йўналишларда танловлар бўлиб ўтади.

Кўргазмада мамлакатимизга сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш борасида чет эллик ҳамкорлар ва мутахассислар билан ўзаро фикр алмашиш, ҳамкорликка оид битимлар имзоланиши кутилмоқда.

SHARE