АҚШ дунёда савдо-сотиқнинг янги “ўйин” қоидаларини белгилайди

АҚШ, Япония, Мексика, Австралия, Янги Зеландия, Перу, Чили, Вьетнам, Малайзия, Бруней ва Сингапур кеча Транс Тинч океани ҳамкорлиги бўйича (Инглиз тилида Trans-Pacific Partnership, TPP) битими юзасидан якуний тўхтамга келишди. The Wall Street Journal газетасининг ёзишича, дунё оммавий ахборот воситалари ушбу воқеликни сўнгги йигирма йилликдаги энг йирик иқтисодий келишув, деб баҳолашмоқда.

Ушбу мамлакатлар дунё савдо айланмасининг 40 фоизини назорат қилишади. Шунинг учун ҳам буни Барак Обаманинг улкан ғалабаси сифатида эътироф этишмоқда. Чунки ушбу битим Обаманинг сайловолди кампаниясидаги энг катта ваъдаларидан бири ҳисобланади.

Шундай бўлса-да, ушбу битимнинг Конгресс томонидан маъқулланишига кафолат йўқ. Аввало, битим Америка парламентида келгуси йил — Обама муддатининг охирги йили бошида кўриб чиқилади.

Барак Обаманинг қайд этишича, TPP битими америкалик ишчилар ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Натижада “АҚШда ишлаб чиқарилган” тамғаси остида товар ва маҳсулотлар экспорти ҳажми ошади. Негаки, Америка маҳсулотлари истеъмолчиларининг мутлақ катта қисми (95 фоизи) айнан мамлакат ташқарисида яшашади.

“Шунинг учун ҳам биз Хитой сингари мамлакатларга дунёда савдо қоидасини белгилашга йўл қўймаслигимиз керак. Бу қоидаларни Америка товарлари учун янги бозорлар очиш, меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазаси учун юксак стандартларни жорий қилиш орқали биз ёзишимиз керак”, деди Барак Обама.

АҚШ расмийларига кўра, битим асосида Америка маҳсулотлари учун 18 мингдан ортиқ божхона тўловлари бекор қилинади, иш кучи ҳамда табиатни муҳофаза қилиш борасида мажбуриятлар кучайтирилади, очиқ интернет имконияти кенгайтирилади. Битим доирасида аксарият товарлар учун божхона тўлови бекор қилинади, бир қисми учун ставкалари пасайтирилади.

2008 йилдан бери олиб борилаётган музокаралар якунида Атланта шаҳрида беш куни давомида охирги мулоқотлар ўтказилди. Натижада Австралия билан дори воситалари бозоридан юзасидан баҳсли масалага нуқта қўйилди: айрим дори воситалари бўйича Австралия 5-8 йил давомида ички бозорини ҳимоя қилиши мумкин. Канада ва Япония ўз бозорини АҚШ сут маҳсулотлари учун яна очишга рози бўлди, эвазига Янги Зеландия Америка бозорида устувор мавқега эга бўлди.

Малайзия ва Вьетнам эса битим доирасида мамлакатда мустақил касаба уюшмалари тузилишига рухсат берадиган бўлди.

ТРР битимига аъзо-мамлакатларнинг АҚШ билан ўзаро савдо айланмаси. The New York Times
ТРР битимига аъзо-мамлакатларнинг АҚШ билан ўзаро савдо айланмаси. The New York Times

Халқаро ҳамжамият ушбу битим шартларини муфассал ўрганишга ҳаракат қилмоқда. Россиянинг иддао қилишича, битим Халқаро савдо ташкилотининг нуфузини туширишга қаратилган.

ТРР ҳақида еттита маълумот:

1) Ушбу битимнинг мақсади, The Financial Times газетасининг ёзишича, қанчалик геосиёсий бўлса, шунчалик иқтисодий иттифоқдир. АҚШ ва Япониянинг мақсади Хитойга нисбатан катта устуворликка эга бўлишдир. Чунки унда 21-асрда трансчегаравий ахборот алмашишдан тортиб давлат корпорацияларининг халқаро рақобатига оид қоидалар ўрин олган.

2) Ҳозирча Хитой ушбу битимга қўшилгани йўқ, лекин қўшилиши мумкин, ҳарқалай улар буни инкор қилаётгани йўқ. Қолаверса, бир гуруҳ америкалик бизнесменлар ҳам бунинг тарафдоридир.

3) ТРР дунё иқтисодиётининг йирик иқтисодиёти бўлган АҚШ ва Япония ўртасида божхона тўловларининг бекор қилинишига олиб келади. Натижада икки мамлакат иқтисодиёти янада интеграциялашув жараёнига киради.

4) Бу битим нафақат Барак Обаманинг, айни пайтда Япония бош вазири Синзо Абэнинг ҳам катта ютуғидир. Чунки у ушбу битим мамлакат иқтисодиётини жонлантириши учун жуда кўп тўсиқларни енгиб ўтди.

5) ТРР битимига аъзо-мамлакатларнинг айримларида унга қарши ҳаракатлар ҳам мавжуд. Канадада, масалан, мухолифат раҳбари Томас Малкэр, агар сайловда ғалаба қозонса, битимдан чиқишини маълум қиляпти. Австралия парламентида ҳам жиддий қарама-қаршиликлар бор.

6) ТРР ҳозирча валюта назорати масаласида якуний тўхтамга эга эмас. Ҳеч бир мамлакат санкциялар кўринишидаги “валюта урушлари” учун жавобгарликни ўз бўйнига олиш нияти йўқ.

7) ТРРга аъзо-давлатлар меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилишда намуна вазифасини бажариши мумкин. Чунки битимда Халқаро меҳнат ташкилоти стандартлари асос қилиб олинган.

SHARE