Сўров: сайёҳларнинг 89 фоизи ўзбекона меҳмондўстликни эътироф этишмоқда

“Ўзбектуризм” миллий компанияси ва ЮНЕСКО билан ҳамкорлигида “Ўзбекистон сайёҳлар нигоҳида. Ўзбекистонга ташриф буюрганлар ўртасида 2014 йилнинг иқтисодий кўрсаткичлари бўйича ўтказилган сўровнома натижалари” деб номланган нашр чоп этилди.

Сўровнома натижаларига кўра, Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижликлар сони ортган. 2009 йилда сайёҳлар сони 1,2 миллион кишини ташкил қилган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич икки миллион нафарга етган.

Ўзбекистонга асосан Россия, Туркия, Ҳиндистон, Германия ва Корея фуқаролари ташриф буюрар экан.

Сўровда иштирок этганларнинг 74 фоизи Ўзбекистонда нархлар қиммат эмаслигини таъкидлаб ўтишди.

Кўпчилик сайёҳлар тарихий жойларга экскурсиялар вақтида турли сувенир маҳсулотлари, халқ-амалий санъати ва ҳунармандчилик буюмлари харид қилишларини таъкидлаб ўтдилар.

77 фоиз сўралганлар Ўзбекистонга ташриф буюришларига ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган маданий-тарихий объектларни ўз кўзлари билан кўриш истаги таъсир қилганини айтишган.

Ўзбекистонга саёҳатларнинг давомийлиги ўртача 10 кунни ташкил қилади. Кўпчилик сайёҳлар Тошкент, Самарқанд ва Бухорода ўз вақтларини ўтказадилар.

Кўпчилик сўралганлар хизмат кўрсатишнинг юқори даражаси, қулай яшаш шароитлари, ривожланган транспорт инфратузилмасини қайд қилиб ўтдилар.

Респондентларнинг 86 фоизи Ўзбекистонга сайёҳат қилиш хавфсиз эканини ва улардан 76 фоизи ўз танишларига Ўзбекистонга келишни тавсия қилишларини айтиб ўтишган.

Сўровда қатнашган сайёҳларнинг 89 фоизи ўзбекона меҳмондўстликни алоҳида қайд қилиб ўтишган.

SHARE