Ўзбекистонда Maestro ва MasterCard халқаро пластик карталари учун POS-терминаллари ўрнатилади

Бугунги кунда Ўзбекистон тижорат банклари томонидан халқаро пластик карталар орқали тўловларни амалга ошириш инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “ОРИЕНТ ФИНАНС” хусусий акциядорлик тижорат банки Maestro ва MasterCard халқаро пластик карталари орқали тўловларни амалга ошириш имкониятига эга бўлган тижорат POS-терминалларини сайёҳлик соҳасида фаолият кўрсатаётган ташкилотларга ўрнатиш хизматини таклиф этмоқда. Бу ҳақида “Ўзбектуризм” миллий компанияси маълум қилди.

«ОРИЕНТ ФИНАНС» хусусий акциядорлик тижорат банки MasterCard халқаро тизимининг хавфсизлик мезонларига мувофиқ равишда ҳимояланган микропроцессор чипларидан фойдаланган ҳолда халқаро пластик карталардан тўловларни қабул қилиш эквайрингини амалга оширади.

Терминаллар парки Ўзбекистон бозорида ўзини ижобий намойиш этган Верифоне компаниясининг замонавий POS-терминалларидан ташкил топган.

Мазкур банк маълумотига кўра, унинг ходимлари хорижий валютада ҳисоб-китобларни амалга оширувчи савдо терминалларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш масалаларида сайёҳлик соҳасида фаолият кўрсатаётган ташкилотларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатишга тайёр.

SHARE