Электрон ҳисоблагичлар туфайли электр энергиясидан қарздорлик кескин қисқармоқда

Замонавий дастурий таъминотларнинг жорий этилиши электр энергияси учун қарздорликни кескин қисқартириш имконини бермоқда. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти “Ўзэлектртармоқ” унитар корхонасининг “Энерго АБТ созлаш” функционал филиали директори Ф.Шамшиевнинг сўзларига кўра, айни пайтда жамият томонидан энергетика соҳасини янада ахборотлаштириш ва компьютерлаштиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ишлаб чиқилаётган ва соҳада фойдаланилаётган дастурий комплекслар ва ахборот тизимлари илгари қўлда бажарилган кўплаб операцияларни автоматлаштириш, электр энергияси етказиб берувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мурожаатларни қабул қилиш жараёнини соддалаштириш имконини бермоқда. Бундан ташқари, истеъмол қилинган электр энергияси ҳақини тўлаш интизомини таъминлаш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди.

Масалан, аввал аксарият маиший истеъмолчилар фойдаланган электр энергияси ҳақини икки-уч ойда бир марта тўлаган бўлса, энди электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш бўйича автоматлаштирилган тизим жорий этилгани ва янги электрон ҳисобга олиш ускуналари ўрнатилаётгани туфайли энергия ҳақи олдиндан тўланмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳрида худди шундай қарийб икки юз минг электрон ҳисоблагич ускунаси ўрнатилган. Бунинг натижасида электр энергияси учун қарздорлик икки баробар камайди. “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти эса шаҳар электр тармоқларини модернизация қилиш имконига эга бўлмоқда.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ҳамда “Фидо-Бизнес” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Электрни ҳисобга олиш” дастурий комплексига электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш бўйича автоматлаштирилган тизимнинг интеграциялаштирилиши бу борада навбатдаги босқич бўлди. Ушбу комплекс жорий этилгач, “Ўзбекэнерго” мижозлари янги хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлди. Хусусан, энергия ҳақини онлайн режимида тўлаш, пул тушишини кузатиш, бевосита компанияга электрон сўровлар ва таъмирлаш ишларини ўтказиш учун ариза жўнатиш имконияти яратилди.

Мазкур дастурий комплексда электр энергияси истеъмолини аниқ ва ошкора ҳисобга олишни таъминлаш, энергия сарфи ҳақида ишончли ахборот тўплаш жараёни самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Дастурий комплекс етказиб берилаётган электр энергияси учун маблағларни ўз вақтида тўплаш механизми самарадорлигини ошириш, ҳисоб-китоб ва тўловлар жараёнига инсон фаолияти таъсирини камайтириш, тезкор ахборот тақдим этиш ва тўловларни тўлашнинг қулай усулларини тақдим этишга ёрдам бермоқда. Чунончи, тижорат банклари, “Ўзбекистон почтаси”, PAYNET ва SMS-хабар тўлов тизимлари орқали пул тўлаш шулар жумласидандир.

Фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга олиш бўйича замонавий электрон ускуналар намойиш этилган стендлар иштирокчилар эътиборини тортди. Юқори даражада аниқ ва ишончли ишлайдиган, ташқи таъсирдан тўлиқ ҳимояланган ушбу ускуналарни ўрнатиш кейинги йилдан бошланади.

Эслатиб ўтамиз, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон ҳудудида электр энергияси истеъмоли учун автоматлаштирилган ҳисоблагичлар тизимини жорий қилиш лойиҳаси учун 300 миллион доллар миқдорида қарз беради.

Ушбу лойиҳа доирасида Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида электр энергияси истеъмолининг замонавий, турли ташқи хавфлардан ҳимояланган ҳисоблагичлар тизимини жорий қилиш молиялаштирилади.

Қайд этилишича, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти тизимдаги ортиқча электр сарфи ҳамда тўловларни йиғиб олиш даражаси пастлиги сабабли жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу муаммоларга замонавий технологияларга инвестицияларнинг етарли эмаслиги сабаб бўлган.

Осиё тараққиёт банки ушбу дастурнинг биринчи босқичида 1 миллион истеъмолчига наф келтирган лойиҳани амалга оширди. Янги қарз доирасида эса 3,1 миллион дона автоматлаштирилган ҳисоблагичлар ўрнатилиши кўзда тутилмоқда. Натижада “Ўзбекэнерго” 6,3 миллион истеъмолчини замонавий ҳисоблагичлар билан қамраб олади.

SHARE