Европа Иттифоқи фуқаролар шахсий маълумотлари базасининг Америкада сақланишини тақиқлади

Европа Иттифоқи суди АҚШ билан маълумотларни тижорат мақсадида алмашиш тўғрисидаги битимни ноқонуний, деб топди. Safe Harbour (Хавфсиз гавань) деб ном олган мазкур битимга биноан хусусий компаниялар европаликларнинг шахсий маълумотлари базасини Америкадаги серверларда сақлаши мумкин эди.

Суднинг фикрича, АҚШнинг шахсий маълумотларни ҳимоя қилишга оид қонунчилиги Европа қонунчилигидан кўра заифроқ бўлиб, шунинг учун ҳам Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ўз фуқароларининг шахсий маълумотларини Америка ҳудудидаги серверларда сақлашни тақиқлашга оид чора-тадбирлар кўриши мумкин.

Шуни айтиш керакки, суд ишига Австрия фуқароларидан келиб тушган мурожаат асос бўлди. Улар Facebook компаниясини шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш талабларини бузганликда айблади. Даъвогарнинг сўзларига кўра, унинг шахсий маълумотлари ноқонуний равишда Америка махсус хизматлари қўлига тушиб қолиши мумкин.