Ўзбекистонлик бўлажак инженерлар Францияда таҳсил олиши мумкин

Ўзбекистонлик талабалар Францияда таълим олиш имконияти янада кенгаяди. Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарига кўра, ўз талабаларини Францияда таълим олишни давом эттириш учун юбориши мумкин бўлган ўзбек олий ўқув юртларига «N+i» фаолиятини таништириш мақсадида тармоқ директори Жан-Пьер Тротинён жорий йилнинг 29 сентябрдан 2 октябрь кунигача Тошкентда бўлди.

Жан-Пьер Тротинён ташриф давомида Тошкент давлат техника университети, Тошкент автомобил йўллари институти, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Тошкент ирригация ва мелиорация институтларида бўлиб, мутасаддилар билан учрашди.

«N+i» тармоғи Франциядаги 70 дан ортиқ муҳандислик олий мактабларини бирлаштирувчи уюшма бўлиб, унинг мақсади Францияда инженерлик соҳасида таълим олишни истаган хорижлик талабаларга ҳар томонлама кўмаклашишдан иборат.

SHARE