Гурбангули Бердимуҳамедов: Туркманистон Ўзбекистон тимсолида яхши қўшни, самимий дўст ва ҳамфикрни кўради

Аввал хабар қилинганидек, шу йилнинг 7-8 октбярь кунлари Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов расмий билан Тошкентда бўлди. Ташриф доирасида Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди.

Туркманистон раҳбари илиқ қабул учун Ислом Каримовга ташаккур билдириб, Туркманистон Ўзбекистон тимсолида яхши қўшни, самимий дўст ва ҳамфикрни кўришини айтиб ўтди. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч ва тушуниш истиқболдаги муносабатларни йўлга қўйиш, халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ёндашувларни ўзаро келишиб олиш, иқтисодиёт, савдо, инвестициявий фаолият, маданий-гуманитар соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорлик режаларини шакллантиришга замин яратмоқда.

Туркманистон раҳбарига кўра, икки мамлакат Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор ривожланишни тахминлайдиган мустаҳкам ва самарали мезанизмларни яратиш, можароли ҳолатларга йўл қўймаслик, барча масалаларни сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал этиш, эзгу қўшничиликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатларни инобатга олиш тарафдори ҳисобланади.

Ўзбекистон ва Туркманистон қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, Афғонистонда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслигини яна бир бор таъкидладилар. Терроризм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалаларни ҳам муҳокама этдилар.

Мамлакатлар трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланиш борасида ҳам бир хил ёндашувга эга. Сув-энергетика соҳасига оид масалалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойиллари асосида, минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ташкилотлар иштирокида кўриб чиқилиши зарурлиги таъкидланди. Трансчегаравий дарёларда йирик гидроэнергетика иншоотлари қуриш масалаларига БМТнинг тегишли конвенциялари талабларига тўла риоя қилган ҳолда ёндашиш лозимлиги қайд этилди.

ЎзАнинг хабар беришича, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг иқтисодий салоҳияти ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш имконини беради. 2012 йилда имзоланган Ўзаро етказиб бериш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳамда 2013-2017 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага мувофиқ ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва уни диверсификация қилиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, транспорт, божхона, туризм, фан-техника, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги алоқаларни изчил ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

SHARE