Россия Суриядаги ҳарбий амалиётнинг мақсадлари ҳақида Ўзбекистонга ахборот берди

Россия Ўзбекистонга РФ қуролли кучлари томонидан Сурияда амалга оширилаётган ҳарбий амалиётнинг мақсад ва хусусиятлари ҳақида маълумот берди. Бу ҳақида РФ Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати ва ахборот бошқармаси хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, шу йилнинг 7 ва 8 октябрь кунлари Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, мудофаа вазири Қобул Бердиев билан мулоқот ўтказган.

Россиялик ҳарбийнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг РФ сингари стратегик шериклари билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлиги минтақада барқарорликни сақлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

“Бундан ташқари, Анатолий Антонов Абдулазиз Комиловнинг сўровига биноан Россия Федерацияси томонидан Сурияда амалга оширилаётган ҳарбий амалиётнинг мақсадлари ва хусусияти ҳақида батафсил ахборот берди”, дейилади хабарда.

Анатолий Антонов Қобул Бердиев билан мулоқотида Ўзбекистонга ҳам, Россияга ҳам умумий муаммо ва таҳдидлар борлигини айтиб, бунда амалий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини кўрсатиб ўтган. Россиялик юқори мартабали ҳарбий “Ислом давлати” террористик ташкилотига қарши курашиш борасида Россия томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берган.

Анатолий Антонов Қобул Бердиевга Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгунинг ушбу мамлакатга ўзига қулай вақтда ташрифи юзасидан таклифномасини топширган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилишича, учрашувда Ўзбекистон-Россия кўп қиррали муносабатларининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Суҳбат чоғида томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашувда Россия Элчиси Владимир Тюрденев иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 30 сентябридан Россия ҳарбий ҳаво кучлари Сурия президенти Башар Ассад сўровига биноан, ушбу мамлакат ҳудудидаги террористик ташкилотларнинг оьъектларига ҳаводан зарба бермоқда.