Тунисда миллий мулоқотни ўрната олган жамоат ташкилотлари Нобель мукофотига лойиқ кўрилди

Тунисда 2011 йилги инқилобдан сўнг шаклланган Тунис миллий мулоқот гуруҳи тинчлик соҳасидаги хизматлари учун Нобель мукофотини қўлга киритди. Нобель мукофоти қўмитаси аъзоларининг фикрича, ушбу гуруҳ диний ва дунёвий сиёсий кучлар бирга ишлай олишини намойиш этди.

Қўмита қайд этишича, ушбу мулоқот гуруҳи ички низоларга эга мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шуни қайд этиш керакки, Тунис миллий мулоқот гуруҳига мамлакатнинг тўртта жамоат ташкилоти — Тунис адвокатлар уюшмаси, касаба уюшмаси, инсон ҳуқуқлари лигаси ҳамда саноат, савдо ва ҳунармандчилик конфедерацияси киради. Ушбу гуруҳ мамлакатдаги демократик ўзгаришларни рўёбга чиқаришда воситачи вазифасини бажарди.

Ушбу гуруҳ 2011 йили Тунисдаги инқилобдан сўнг шакллантирилган бўлиб, мамлакат қўшни Ливияга қараганда ўтиш даврини бирмунча барқарор босиб ўтди. “Барча сиёсий кучларнинг кенг миллий мулоқотигина мамлакатда зўравонликнинг тарқалишининг олдини олди”, дейилади Нобель қўмитаси хабарида.

Мукофот лауреатлари, ўз навбатида, Нобель мукофотининг ушбу қарори Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва бошқа минтақаларда умуммиллий якдилликка эришишга интилаётганлар учун ёрдам беради.

SHARE