Ўзбекистонда 2021 йилга қадар табиий газни ҳисобга олишни назорат қилиш тўлиқ автоматлаштирилади

Ўзбекистон табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этмоқда. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, бугунги кунда компания томонидан 13,7 минг километрлик табиий газ қувури ва тармоқларидан фойдаланилмоқда. Улар орқали 4 миллион уй-жой ва қарийб 80 минг улгуржи истеъмолчига газ етказиб берилмоқда. Шунингдек, 25 компрессор станцияси, 341 газ тақсимлаш станцияси ва 2 ер ости газ омбори йилнинг исталган даврида “зангори олов”ни барқарор етказиб беришни таъминламоқда.

Жорий йилда “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси фаолиятида сифат жиҳатидан янги босқич бошланди. Хусусан, газ секторида назорат қилиш тизимини жорий этиш ишлари йўлга қўйилди. Мазкур тизим газ бозори очиқлигини таъминлаш, энергоресурсларни тежаш ва соҳани халқаро стандартлар даражасига кўтариш имконини беради.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниясининг табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи раҳбари Шаҳноза Исломованинг сўзларига кўра, айни пайтда мамлакат маиший секторида табиий газдан фойдаланувчиларнинг 55 фоиздан ортиғида газни ҳисоблаш асбоблари ўрнатилган. Бироқ, маълумотлар тўплашни бошқариш бўйича замонавий тизимнинг йўқлиги газдан фойдаланиш ва ҳисобга олишни самарали назорат қилиш имконини бермайди. Табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа айнан ушбу долзарб масалани ҳал қилишга қаратилган.

Ўзбекистон дунёда биринчилардан бўлиб ушбу янги технологияни жорий этишга киришмоқда. Бугунги кунда ҳеч бир давлатда ушбу тизим кенг миқёсда жорий қилинаётгани йўқ. Фақат ривожланган давлатлардагина тажриба лойиҳалари амалга оширилмоқда, холос. Мазкур лойиҳани жорий қилишдан кўзланган мақсад, “зангори олов”дан фойдаланишни аниқ, ишончли ва тўлиқ ҳисобга олиш, табиий газ узатишда талафотнинг олдини олиш ва камайтириш, истеъмолчиларнинг тўлов интизомини таъминлаш имконини берадиган янги электрон ҳисобга олиш ускуналарини ўрнатиш орқали табиий газни ҳисобга олиш тизимини янада такомиллаштиришдан иборат.

Айни пайтда мутахассислар пойтахтимизнинг Миробод туманида ушбу ускуналарни синовдан ўтказмоқда. Тахминларга кўра, табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими Тошкент шаҳри ва вилоятида 2016 йилнинг охирига қадар жорий этилади.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида Тошкент шаҳри ва вилоятида 1 миллиондан ортиқ ҳисоблагич ўрнатиш кўзда тутилган. 2016-2017 йилларда табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида жорий этилади. 2017-2018 йилларда эса Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида, 2020 йилнинг охиригача Қарақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида ушбу тизим амалиётга татбиқ этилади. Мамлакатимиз бўйича жами 3,5 миллионга яқин шундай ҳисоблагич ўрнатилади.

Табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими таркибига газни ҳисобга олиш ускунаси, маълумот тўплаш, ишлов бериш ва узатиш бўйича ҳамда ахборот технологиялари ёрдамчи тизими, алоқа линияси ва телекоммуникация қурилмалари киради. Бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси томонидан Тошкент шаҳри ва вилоятида табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш бўйича тендер эълон қилинди. Ишчи орган манзилига (“O’ztashqineftgaz” акциядорлик жамияти) бир неча компаниялардан “Тошкент шаҳри ва вилоятида табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир тендер савдолари бўйича таклифлар келиб тушган. Айни пайтда ишчи орган томонидан бу борадаги барча зарур ишлар амалга оширилмоқда.