Руслан Чагаевнинг австралиялик Лукас Браун билан жанги Москва ёки Грознийда бўлиб ўтади

Жаҳон боксчилар ассоциацияси (WBA) йўналишидаги супер оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони ўзбекистонлик Руслан Чагаев ва австралиялик Лукас Браун ўртасидаги жанг Россиянинг Москва ёки Грозний шаҳарларидан бирида бўлиб ўтади.

ТАСС ахборот агентлигининг боксчи менежери Тимур Дугазаевга таяниб хабар беришича, жаҳон чемпионлиги унвони учун асосий даъвогар Лукас Браун ҳисобланади. Ҳозир биз мазкур жанг санасиини WBA томонидан тасдиқланиши кутилмоқда. “Браунга қарши жанг Россияда – Москва ёки Грозний шаҳарларидан бирида бўлиб ўтади. Буни Рамзан Қодиров билан муҳокама қилиб олишимиз керак», – дейди Дугазаев.

Олдинроқ, Чагаевнинг пуэрто-риколик Фрес Окендога қарши 17 октябрда бўлиб ўтиши керак бўлган жанги Окендонинг жароҳат олгани сабаб бекор қилинганди.

Чагаев ҳисобида ҳозиргача ўтказилган жангларда жами 34 ғалаба (21 нокаут), иккита мағлубият (Владимир Кличко ва Александр Поветкиндан) ва бир дуранг натижаларини қайд қилган. Браун эса ўтказган 23 жангининг барчасида (20 нокаут) ғалаба қозонган.

SHARE