Ўзбекистонда мобиль алоқа операторларидан хизмат сифатини яхшилаш талаб қилинди

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Ўзбекистондаги айрим мобиль алоқа операторлари ишида камчиликлар аниқлангани ҳақида хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, ўрганишлар давомида мобиль алоқа хизматлари сифат кўрсаткичларининг белгиланган меъёрларга мувофиқ эмаслиги, абонентларга мобиль алоқа хизматларидан туну кун фойдаланиш имконияти яратилмагани, аҳоли кам истиқомат қиладиган ҳудудлар бундай алоқа билан тўлиқ қамраб олинмагани, бу эса ўз навбатида, ушбу ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳоли мурожаатлари сони кўпайишига олиб келаётгани аниқланган.

Мазкур камчиликлар Электромагнит мослашув маркази билан ҳамкорликда ўтказилган радиомониторинг ҳамда операторлар тақдим этадиган тармоқ сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги ойлик ҳисоботлар ва таянч станциялар тўхталишлари бўйича маълумотлар, шунингдек, келиб тушган мурожаатлар таҳлили натижаларига асосида аниқланди.

Инспекция, юқоридаги қамчиликларга йўл қўйган Coscom (Ucell савдо белгиси), Unitel (Beeline), RWC (Perfectum) ва «Ўзтелеком» (Uzmobile) мобиль алоқа операторларига алоқа хизматини амалдаги қонун ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ кўрсатишни таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди.