АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш муддатини ортга суради

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистондаги Америка ҳарбий контингенти фаолият муддатини яна узайтиришини маълум қилди.

BBC News хабар беришича, Барак Обама 2016 йил давомида 9,8 минг нафар ҳарбий аскарни ушбу мамлакатда сақлаб туришни режалаштирмоқда. 2017 йилда эса ушбу рақам 5,5 минг нафаргача қисқариши мумкин. Айни пайтда АҚШ ҳарбийларининг ушбу мамлакатда яна қанча муддат давомида бўлиши ҳақида маълумотларга аниқлик киритилгани йўқ. Аксарият кузатувчилар бу Барак Обама президентлик даврини қамраб олишини таъкидлашмоқда.

Шуни қайд этиш керакки, Барак Обама маъмуриятининг режасига биноан, АҚШ ҳарбийларининг асосий қисми жорий йилда Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бир қисм ҳарбийлар эса АҚШ стратегик объектларини қўриқлаши лозим эди.

Барак Обаманинг қайд этишича, бундай қарорга келишга Афғонистон армиясининг кучсизлиги ҳамда толибонлар ҳаракатининг яна жонлангани сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Афғонистонда халқаро коалиция кучларининг олиб чиқиб кетилиши ҳали вақтли эканлигини таъкидлаб келади.