Ўзбекистонда Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилиши якунланди

Жанубий Корея компаниялари консорциуми Устюрт газ-кимё мажмуаси (ГКМ) қурилишини якунлади. Бу ҳақида Газета.uz сайти консорциум таркибидан ўрин олган Lotte Chemical компанияси президенти Ха Су Янгга таяниб хабар тарқатди.

“ГКМ қурилишининг якунланиши Жанубий Корея ва Ўзбекистон ҳукуматлари ҳамда хусусий компаниялари ўртасидаги яқин ҳамкорлик самарасидир”, — дейди Ха Су Янг. Унинг сўзларига кўра, ГКМ 2016 йил январидан маҳсулот ишлаб чиқаришга киришади, унинг маҳсулотлари Марказий Осиё мамлакатлари, Россия, Европа ва Шимолий Африкага экспорт қилинади.

Дарё.uz ёзишича, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси Қорақалпоғистондаги Сурғил кони негизида Устюрт ГКМ қурилиши учун Kor-Uz Gas Chemical Investment консорциуми билан биргаликда Uz-Kor Gas Chemical қўшма корхонасини ташкил этганди. Корея компаниялари консорциуми таркибида ҳозирги вақтда Kogas, Lotte ва STX Energy бор.

Қурилиши 2012 йили бошланган ГКМ ҳар йили 4,5 миллиард метр куб табиий газни қайта ишлайди ва 4 миллиард метр куб товар гази, турли қалинликдаги 400 минг тонна полиэтилен, 100 минг тонни полипропилен ва 100 минг тоннага яқин пиролиз бензин ишлаб чиқаради. Лойиҳанинг бош пудратчиси сифатида Samsung Engineering, GS Engineering ва Hyundai Engineering иштирок этди.

Умумий қиймати 4,16 миллиард долларга тенг лойиҳа хорижий молия институтлари консорциумларининг 2,5 миллиард доллар миқдоридаги кредитлари, Uz-Kor Gas Chemical қўшма корхонаси таъсисчиларининг 1,41 миллиард доллар миқдоридаги ўз маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 100 миллион доллар миқдоридаги кредити ҳисобидан молиялаштирилди.