“Насаф” ўз тарихида биринчи бор Ўзбекистон кубогини қўлга киритди

Ўзбекистон кубогининг финал беллашуви ўз ниҳоясига етди. Унда Қаршининг “Насаф” жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз тарихида биринчи бор мамлакат кубогини қўлга киритди.

Uff.uz сайтининг ёзишича, учрашув тўлалигича “Насаф” устунлигида ўтди ва бу амалда ҳам ўз исботини топди. Кетма-кет ҳужумлар иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмига келибгина ўз мевасини бера бошлади. Дастлаб, Артур Геворкян жарима зарбасини моҳирона ва аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди. Бу вазиятда Зуҳуров тўп йўналишини фақатгина томоша қилиб қолди.

Орадан кўп ўтмай, бурчакдан узатилган тўп яна “Бунёдкор” дарвозасига бориб тушди. Шерзод Аъзамов ўзининг кучли зарбаси билан дарвозани ишғол қилди.

Бироздан сўнг Шерзод “дубл”га эришди. У энди бу сафар “Насаф” дарвозасига тўпни йўналтириб юборди. Сатонинг зарбаси йўл-йўлакай унга тегди ва дарвозага бориб тушди — 1:2

Учрашув сўнгги сонияларгача мухлисларни ҳаяжонда ушлаб турди. Бироқ ёмғир остида кечган беллашув шу тариқа “аждарлар”нинг ғалабаси билан якунланди.

SHARE