Ислом Каримов: “Қундуз шаҳрида рўй берган воқеалар Афғонистон ҳукуматининг парокандалиги ва ҳаракатсизлигини кўрсатди”

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари Қозоғистон Республикасида бўлди ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этди.

Унда Ислом Каримов минтақага бевосита дахлдор бўлган Афғонистондаги вазиятга алоҳида тўхталди.

Биродаркушлик уруши 35 йилдан ортиқ давом этаётган ушбу мамлакатдаги бугунги аҳвол қарама-қарши томонлар ўртасидаги низо чўзилиб кетаётганини кўрсатмоқда. Яқинда Қундуз шаҳрида рўй берган воқеалар ҳукуматнинг парокандалиги ва ҳаракатсизлигини, айни пайтда толиблар фаол ҳамда уюшган ҳолда ҳаракат қилганини кўрсатди. Бунинг оқибатида толиблар шаҳарни бир неча кун эгаллаб турди.

Ўзбекистон раҳбари Афғонистондаги жангари гуруҳлар мамлакат жанубидан шимол ва шимоли-шарқига ўтаётгани, чегара ҳудудларидаги вазият кескинлашиб бораётгани ҳам чуқур ташвиш уйғотаётганини алоҳида таъкидлади. Толибларнинг мамлакатнинг айрим ҳудудларини босиб олиш бўйича кейинги уринишлари ушбу ҳаракат ҳали ҳам катта ҳарбий кучга эга эканидан далолат беради. Афғонистон армияси ҳозирча толибларга қаршилик кўрсатишга, ҳукумат эса мамлакатда хавфсизликни таъминлашни тўлиқ назорат қилишга қодир эмас.

Афғонистонда юзага келаётган вазиятни инобатга олган ҳолда, кўплаб мутахассислар Ироқнинг аянчли аҳволини такрорламаслик учун Афғонистонда ISAF ҳарбийларини кўпайтириш, уларнинг бу мамлакатда бўлишини яна бир неча йилга узайтириш керак, деган фикрга қўшилмоқда. Бунинг учун жиддий асослар бор.

– Афғонистондаги вазият қандай кечишидан қатъи назар, шуни тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Афғонистон муаммосини фақат бир йўл, яъни БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро курашаётган томонларни муросага келтириш орқалигина ҳал этиш мумкин. Бошқа йўл йўқ, – деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.