Ўзбекистон хорижлик ишбилармонлар билан 700 минг тонна пахта толасини сотиш бўйича битим имзолади

15-16 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бўлиб ўтди.

ЎзАнинг хабар беришича, ярмаркада 700 минг тонна Ўзбекистон пахта толасини сотиб олиш, мамлакатда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 800 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдордаги шартномалар имзоланди.

Бу галги Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасига ҳам жаҳон пахта ва тўқимачилик бозорининг етакчи вакиллари истиқболдаги масалаларни муҳокама этиш ҳамда ўзаро манфаатли шартномалар тузиш учун ташриф буюрди. Жорий йилда унда қирқдан ортиқ давлатдан 1000 дан зиёд фирма ва компания мутахассислари иштирок этди.

Хабарда айтилишича, 90-йилларда пахта толасини қайта ишлаш ҳажми атиги 7 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 40 фоиздан ошди. Яқин келажакда бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш режалаштирилаётир.

Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси (ICAC) маълумотларига кўра, ташқи бозорга пахта толасини етказиб бериш бўйича АҚШ (29 фоиз), Ҳиндистон (16 фоиз) ва Покистон (10 фоиз) етакчиликни сақлаб қолмоқда. Ўзбекистоннинг улуши эса 7 фоизни ташкил қилади.

2015/16 йилги мавсумда жаҳон бўйлаб пахта толаси ишлаб чиқариш ҳажми 9,2 фоизга — 23,9 миллион тоннагача пасаяди, унинг истеъмоли эса 2 фоизга — 25 миллион тоннагача ошади.

Пахта ишлаб чиқарувчи асосий мамлакат — Хитойда талабнинг пасайиши ва айни вақтда Бразилия, Ҳиндистон ва Ўзбекистонда пахта ҳосилининг юқори бўлиши муносабати билан, 2015/16 йилги мавсумда бир фунт (450 грамм) пахтанинг халқаро нархи 67-68 сент миқдорида сақланиб қолади.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, ўзбек пахтасининг жорий мавсумдаги асосий харидорлари яна Бангладеш (29 фоиз), Хитой (26 фоиз), Жанубий Корея (7 фоиз) ва Эрон (5 фоиз) бўлади

SHARE