Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши кўрсаткичи тўққиз ойда 8 фоизни ташкил қилди

Жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга ўсди. Давлат бюджети профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади. Бу ҳақида Ўзбекистон ҳукуматининг 9 ой якунларига бағишланган мажлисида маълум қилинган.

Расмий хабарда айтилишича, қишлоқ жойларда маҳаллий истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни, хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ички талабни мувозанатли рағбатлантириш чора-тадбирлари амалга оширилишини давом эттириш истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмлари – 10,1 фоизга, чакана товар айланмаси – 15,0 фоизга ва хизматлар кўрсатиш – 12,9 фоизга ўсишига кўмаклашди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмлари ўсиши 6,6 фоизга таъминланди. Жорий йилдаги ноқулай об-ҳаво шароитларига қарамай, деҳқонларнинг фидокорона меҳнати ва омилкорлиги туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мўл ҳосили етиштирилди ва йиғиб олинди. Қишлоқнинг қиёфасини тубдан яхшилаш чоралари фаол амалга оширилмоқда, янги қишлоқ массивлари қурилишида замонавий намунавий лойиҳалар бўйича 9,3 мингта якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга топширилди.

Хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш юзасидан қабул қилинган чора-тадбирлар дастурини изчил амалга ошириш кичик бизнеснинг 21,4 мингта, ёки 2014 йилнинг шу давридагига қараганда 6,0 фоиз кўп янги субъектини ташкил этишга кўмаклашди. Кичик бизнес субъектларига давлат мулкининг 17,8 мингта фойдаланилмаётган объектлари ижарага берилди, умумий суммаси 9,6 триллион сўм банк кредитлари ва микрокредитлар ажратилди. Натижада саноат ишлаб чиқаришида, инвестицияларда, экспортда ва аҳоли бандлигида кичик бизнеснинг улуши ва роли узлуксиз ўсиши таъминланмоқда.