Абдулла Қаҳҳор: “Нега кўчада қоида бузган кишига ҳуштак чалинади-ю, тилни бузганга ҳеч ким индамайди”

Эски дардга янги даво керак

Яқинда дугонам янги паспорт олдим, дея хурсанд бўлиб келди. Паспортига қарасам, «Shаyhаntoxur tumani IIB» деб ёзилган. Биргина Шайхонтоҳур сўзида уч имловий хато. Йўғ-э, бўлиши мумкин эмас, юридик кучга эга ҳужжатда-я?! Ишонгим келмасди. Шундай вақтларда адиб Абдулла Қаҳҳорнинг «Нега кўчада қоида бузган кишига ҳуштак чалинади-ю, тилни бузганга ҳеч ким индамайди», деган сўзлари ёдга тушади.

Нима, ўзбек тили жарангдор эмасми?

Жами эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили — бу миллатнинг руҳи. Бунда миллатнинг кечаги, бугунги куни ва албатта келажаги мужассам.

Ўз тилида бир сўзни тўғри ёзган, шу учун курашган одам, шубҳасиз, ватанпарвар одамдир. Афсуски, кундалик ҳаётимизда учрайдиган она тилимиз билан боғлиқ хатоликлар кўнгилни хира қилади.

Мустақиллик даврида юртимизнинг барча жойи, айниқса, пойтахтимиз жуда чирой очди, мегаполисга айланди. Шу билан бирга, эҳтимол, замонавийлик белгиси ўлароқ, ажнабий номлар ҳаётимизга кенг кириб келди, чуқур ўрнаша бошлади.

Дунёда сўз жиҳатдан энг бадавлат тиллар — араб (3,5 миллиондан ортиқ) ва инглиз (2,5 миллиондан зиёд) тиллари экан. Ўзбек тилида эса тахминан 1,4-1,6 миллион атрофида сўз борлиги айтилади. Сўз борасида ҳам бировдан кам жойи­миз йўқ. Бироқ шу имкониятдан эплаб фойдалана олмаётганимиз ачинарлидир.

Бугун пойтахтимиз бўйлаб кезар экансиз, «Baby center», «Baby toys», «Beauty Monti salon», «Двери», «Магазин и буфет», «Печати и штампы», «Срочное фото», «Цветная печать», «Распечатка», «Пригласительные», «Аптека», «Учебный центр», «Дошкольное обучение» каби пешлавҳа ва эълонларга тез-тез кўзимиз тушади. Уларни давлат тилида ёзишга нима монелик қилгани ҳақида ўйлаб, ўйингизга етолмайсиз. Буни давлат тилига бепарволик, балки беписандликдан бошқа яна нима деб тушуниш мумкин?!

«IMPERIЯ» нима дегани?!

Имловий хато — саводсизлик белгиси. Буни бошқача талқин ва тавсиф қилиш мумкин эмас.

Кўчалардаги айрим эълонлар ва интернетда кенг тарқалган суратлардаги номларни ўқиб, таҳлил қиламиз: «Ёғли ширмое ва патир нонлар» (кимдир ширмой сўзини русча средний родга айлантирмоқчи бўлган, шекилли); «Andijin oq-yo`l» MCHJ» (Буни Мирзо Бобур кўрганида борми…). Дорихонанинг «дориҳона», «хуш келибсиз»ни «Ҳуш келибсиз», кўзмунчоқнинг «кузмунчок» тарзида ёзилишига-ку, кўз ўрганиб ҳам қолди.

dmas

Андижонми ё Андижинми?

Мамлакатимизда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг жорий этилганига йигирма йилдан ошди. Шу имлода хат-саводи чиққанлар инс­титутни ҳам тугатди, бироқ бу имло билан боғлиқ тилимиз-ёзувимиздаги хатоликлар ҳали тугагани йўқ. Масалан, Қибрайдан чиқадиган бир маҳсулотнинг номи шундай ёзилган: «IMPERIЯ». Ёки бир таомхона пештоқига эса шундай ёзилган: «ХУШ КЎРDИК». Булар нима дегани? Крилл ва лотин алифболарини чатиштириш орқали янги нав… йўғ-э, янги сўз ясашми? Янги алифбода «С» деган ҳарф йўқ, бироқ юртимиздан чиқадиган машҳур маҳсулот қадоғида шундай ёзув бор: «Electr dazmol».

damol

С – ҳарфи алифбомизга қачон киритилди экан-а?

Имлони тўғри ёзиш диктант, иншо, баён ёзиш, кўпроқ бадиий китоб ўқиш билан шаклланади. Бироқ бугун айрим тенгқурларимиз иншодан кўра «смс» ёзишга уста бўлиб кетишган. Шу даражадаки, улар ҳатто имлони «ислоҳ» қилиб, ч, ш, ў ҳарфларининг ўрнига ҳеч қандай маъно англатмайдиган «4» (у4ун), «w» (туwунмадим), «6» (6ртоқ) каби «янги ҳарфлар»ни истеъмолга киритишмоқда.

Диққат, жумбоқ: нечта хато бор?
Диққат, жумбоқ: нечта хато бор?

Катта экранларда намойиш этилаётган киноларда ҳам хатоликлар  учраётгани таассуфлидир. Жуда кўп фильмлар титрида «O’zbekfilm», деб ёзилади. Агар буни криллчага ўгирсак «Оъзбекфильм» деб ўқиш мумкин. Ёки фильмлар ижодкорлари исмларини шундай ўқиймиз: «Абдувохид», «Шахло», «Шахзода», «Ахроров»…

«Тик-так, тук-тук»…

Бошқа тиллардан ўзлашган сўзларни таржима қилишда ҳам қатор нуқсонлар кўзга ташланмоқда. Масалан, «Миссия невыполнима» деган фильмни «Мумкин бўлмаган миссия», деб ўгиришибди.

tarjim
Мана сизга, таржима!

Аслида бу  «Бажариб бўлмайдиган миссия» эмасми? Ёки «Спортивное питание»ни «Спорт овқатланиш» тарзида «ўзбекчалаштир»гунча, жиллақурса «спортчилардек таомланиш» дейиш мумкин эди-ку?!

sport
Кўпроқ ўқинг, балки тушунарсиз…

Тилдаги ғализликлар, жаргонларнинг кўпайишига, алҳол она тилимизнинг бузилишига бугун ёшларимиз орасида катта аудитория тўплаган эстрада санъатининг айрим вакиллари ҳам «тузуккина» ҳисса қўшмоқдалар.

«Ҳамма шоду хуррам хурсанд

Сен нега ўтирибсан?

Ритмга мослаб ўйна

Ўйна хуррам, хуррам…»

Ёки мана бу жумлалар мағзини чақишга уриниб кўринг-чи:

«Стоп, стоп, дема,

Кўзимга қара, кўнглимга қара,

Дидим шунақа,

Менга ёқади шунақа

тик-так, тук-тук…»

Тўғри, шу хиргойини айтган опамизнинг балки ўзи айтгандек, диди шунақадир. Бироқ буни тинглаётган минг­лаб ёшларнинг диди ҳам шундай ўтмас бўлиб кетиши хавотирли эмасми?!.

"Ширмое нон"дан ҳеч таътиб кўрганмисиз?
“Ширмое нон”дан ҳеч таътиб кўрганмисиз?

Ёки «саламандра ботинкам / Роналду Мессидан қатим кам» каби жумлаларнинг хиргойига айланиб, экранларга чиқиши, ёшлар орасида кенг тарқалиши билан нималар, қандай ғоялар тарғиб қилинмоқда?!.

Исм – кимлигингиздан дарак

Исм — одам тақдирини башорат қилувчи илоҳий неъмат, инсонга кимлигини, қайси миллатга мансублигини эслатиб турадиган миллий ифтихор. Бироқ буни барча ҳам бирдай ҳис қиляптими?

«Мэлс», «Клара», «Тельман» — собиқ мустабид тузум даврида халқимиз бошдан кечирган фожианинг бир кўриниши эди. Бу иллат, афсуски, ХХI асрга ҳам мерос бўлиб ўтди. Айтайлик, Гулираъно, Гулшода, Гулбаҳор кабиларни қисқартириб ёппасига «Гуля», Камолиддину Козимни – «Коля», Тўлқину Турсунбойни – «Толик» аташ, шуни замонавийлик, қандайдир маданият деб билиш халқимиз қадриятларига ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас. Кейинги вақтларда Жасмин исми ҳам «мода» бўла бошлади. Ваҳоланки, ёсуман — миллий фольклоримизда ёвузлик, жодугарлик тимсоли.

Афсус, дейишдан бошқа сўз йўқ
Афсус, дейишдан бошқа сўз йўқ

Айрим ёш ота-оналар оқибатини ўйламай, фарзандига хориж сериалларидаги қаҳрамонлар, ғарб шоу-бизнеси хонандалари исмини қўймоқда. Шу пайтгача ижтимоий тармоқларда Брюс Ли, Чингачкук, Месси, Марадона, Неймар, Роналдо, Жумонг каби исмли болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси суратларига кўзимиз тушган. Мана, яқинда қамашилик бир ота-она қизига Ишани дея исм берибди.

Ўйлаб кўрайлик, шу фарзандлар эртага бир куни улғайгач, ўз исмининг маъносини сўраганида ўша ота-оналар унинг кўзига тик қарай олишадими?

…Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ҳам  26 йил тўлди. Тилимиздаги хато-камчиликлар ҳақи­да ҳар йили айтилади, муҳокама қилина­ди. Бироқ тил байрами ўтиши билан шу хатоларнинг сабаблари ҳақида бош қотиришга, уларни тузатишга ҳафсаламиз ҳам, ҳаракатимиз ҳам сўнади. Аслида эса мақоламиз бошида эслаганимиз атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳор айтган ҳуштакни кимдир чалиши шарт эмас. Бу ҳар биримизнинг қалбимиз ва виждонимизнинг огоҳлик қўнғироғи бўлиши лозим.

Гулноза ХЎЖАНАЗАРОВА,

ЎзМУ талабаси

(“Оила даврасида” газетасидан олинди)

SHARE