АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори шахсий почтаси хакер томонидан ошкор қилинди

WikiLeaks сайти АҚШ марказий разведка бошқармаси директори Жон Бреннан тегишли бўлиши мумкин бўлган электрон почта ёзишмаларини эълон қилди. Хабарларда айтилишича, Бреннаннинг АОL тизимидаги шахсий почтаси мактаб ўқувчиси томонидан хакерлик йўли билан бузилган. Ёзишмалардан бирида махфий маълумотни олиш учун рухсатномани расмийлаштириш аризаси ўрин олган.

New York Post газетаси мактаб ўқувчисини “гиёҳванд ўқувчи” деб атади. Унда ёзилишича, бола АҚШ ташқи сиёсатидан жуда ҳам норози бўлган. Ўқувчи твиттердаги ўз саҳифасида Бреннанга тааллуқли контактлар рўйхати, телефон рақамлар ва суғурта рақаамларини эълон қилган.

Сайтда эълон қилинган материалларнинг биронтаси ҳам АҚШ марказий разведка бошқармаси фаолиятига оид махфий маълумотлар сирасига кирмайди. Шундай бўлса-да, почтанинг Бреннанга тегишлилиги расман тасдиқланадиган бўлса, махсус хизмат раҳбари учун ҳақиқий ғалванинг бошланиши ҳисобланади.

Бу масала, айниқса, Ҳиллари Клинтон томонидан давлат котиби сифатида ишлаган пайтлари шахсий почта ва сервердан фойдаланганидан сўнг қайноқ мавзуга айланди.