Ўзбекистонда 2017 йилдан чўғланма лампаларни сотиш тўхтатилади

Ўзбекистонда 2016 йил 1 июлдан қуввати 40 Втдан юқори бўлган чўғланма лампаларни эркин муомалага чиқариш, 2017 йил 1 январдан эса сотиш тақиқланади.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 20 октябрдаги қарорида кўзда тутилган, дея хабар қилади «Газета.uz» сайтининг Иқтисодиёт вазирлигидаги манбаси.

Ҳужжатда технологик қурилмалар, моторли транспорт воситалари, ўқув, тиббий ва бошқа махсус ускуналар ишлаб чиқарувчилари уларда чўғланма лампаларни ишлатишга мажбурий талаблар ўрнатган ҳоллар учун истисно кўзда тутилган.

Ҳукумат қарорида, шунингдек, электр қувватини тежовчи лампаларни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар ҳам белгиланди. Хусусан, Иқтисодиёт вазирлигига «Ўзэлтехсаноат» компанияси билан бирга 2016-2019 йилларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва электр қувватини тежовчи лампалар таннархини камайтириш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш юклатилди.

2015-2019 йилларда Vesta Electric ва Plastic Modernity («Ўзэлтехсаноат» таркибига кирувчи), шунингдек, EGL NUR («Ангрен» эркин саноат зонасида (ЭСЗ) жойлашган), Yorqin Chiroqlar («Жиззах» ЭСЗ) ва бошқа корхоналарда 15,7 миллион дона (жумладан, жорий йилда 6,6 миллион дона) маиший турмушда, кўчаларни ва саноат корхоналарини ёритишда фойдаланиш учун электр қувватини тежовчи лампалар ва ёритгичларни ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

2020 йилга бориб, Ўзбекистоннинг вилоят марказлари ва йирик шаҳарларида замонавий электр қувватини тежовчи лампалардан фойдаланган ҳолда модернизациялаш ва ташқи ёритиш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Қуёш электр станциялари билан бирга ёруғлик диодли лампаларга устувор аҳамият берилади.

Келаси йилнинг 1 июлидан бошлаб, ижтимоий соҳа, саноат ва фуқаролик объектларини, шунингдек, шаҳар ва вилоят марказлари ҳудудларини ташқи ёритишни лойиҳалаштиришда фақат электр қувватини тежовчи лампалар ва кам қувват истеъмол қилувчи электр техникаси ускуналари қўлланади.

Бундан ташқари, мамлакатда ортиқ фойдаланилмаётган ва ресурсини ўтаб бўлган электр қувватини тежовчи ва газ разрядли лампаларни йиғиш ва чиқитга чиқаришни ташкил этишни такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

SHARE