«Давлат тилини менсимаганлар жаримага тортилса, хазиналар тўлиб кетар эди…»

«Фикрбазм» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — адабиётшунос олим Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ мухлисларнинг саволларига очиқкўнгиллик ва дилкашлик билан жавоб берди.

Шамсиддин ИСМОН, Қўрғонтепа тумани, маънавият тарғиботчиси:

— Миллий сериаллар, кинофильмларда шевада гапириш кўп учрамоқда. Бу муаммонинг ечимини нималарда кўрасиз?

— Воқеа Қарши ё Қўқонда кечади, аммо кинода ўша ерлик деб тақдим этилаётган одамларнинг деярли ҳаммаси, ҳатто бошига лачак ўраб олган «чет бир қишлоқдаги кампир» ҳам Тошкент шевасини қийиб ташлайди. Булар-ку, ўзбек киноси, ҳатто хориж сериалларига овоз берган артистлар нутқини ҳам шева босиб кетди…

Наби Раҳимов, Шукур Бурҳонов, Ҳамза Умаров каби буюк актёрлар юксак маданият соҳиби ҳам бўлиб, адабий талаффузга тўлиқ риоя қилишар, шу орқали  маданият тарқатишар эди. Ҳозир эса… «мен» деб, «катта» деб тили чиққан актёрлар ҳам шаҳар ҳавоси туфайли, «манман»сирайдиган, «котта» кетадиган бўлиб қолди.

Муаммонинг ечими бор. Ана шунақа саводсиз, адабий тилдан бехабар бўлса-да, актёрман деб ғўдайиб юрганларнинг қўлидан микрофонни олиб, саҳнадан бадарға қиладиган бир валломат керак. Ахир, кино, театр фақат Хоразм ё фақат Тошкент аҳли учун эмас, бутун халқ учун намойиш қилинади-ку. Ҳозир эса, ёшларга саҳна нутқини ўргатадиганларнинг ўзи ҳам шевада гаплашади. Яъни, мураббийларнинг ўзи тарбияга муҳтож.

Соҳибназар ТУРДИАЛИЕВ, журналист:

— Бугун ўзбек матбуоти ва телевидениенинг ўта расмий тилидан кўнглингиз тўладими? Масалан, «жиддий» бир мухбир ғулғул товуқдай «ҳоким томонидан имзоланган ҳужжат», деяверади. Шуни «ҳоким имзолаган ҳужжат», деса ҳам бўлади-ку. Аслида матбуот тили қандай бўлиши керак, деб ўйлайсиз?

— Матбуот оммага хизмат қилиши керак. Демак, унинг тили ҳам оммабоп бўлиши шарт. Сиз айтгандай, ўзбек тилида ҳужжат… томондан имзоланмайди, уни биров имзолайди. Шуни панжарагулчин қилиб ўтиришнинг нима кераги бор? Ёки яқинда пайдо бўлган «қарорнинг ижросини таъминлаш» деган ифодани олинг. Бу қанақа гап? Қарорни бажармайди-ю, бир четда «ижросини таъминлаб»гина ўтирадими?

Она тилимиз давлат тили мақомига эришганига чорак асрдан ошди. Энг асл, чин ўзбекча ифодаларни излаб топишимиз керак. Уларни энди қўлламасак, қачон қўллаймиз? Масалан, биз «қонун (фармон) қабул қилинди» деб ёзамиз. Халқ эса «фармон (қонун) чиқди» дейди. Ростдан ҳам, фармон қабул қилинмайди, чиқарилади. Ёки ҳамма ўрганиб қолган «Маҳалла фуқаролар йиғини» жумласини олайлик. Асл ўзбекча ҳодиса бўлган маҳаллага оид тушунчаларни ҳам ўристахлит қилиб ясаяпмиз. Лоақал ўйланг: фуқаро маҳаллада эмас, давлатда бўлади-ку? Шундай экан, «Маҳалла кенгаши» десак, кифоя эди. Бир спортчи қиз радиомухбирнинг саволига «Мен фалон туманда таваллуд топганман», дейди, шуни жўнроқ қилиб «туғилганман» деса, асакаси кетармикин барака топкурнинг?

Бунақа хато, ғализ, сохта ифодалар, қовушмаган иборалар урчиб боряпти. Ҳолбуки,ахборотнинг тили ва услуби қанча лўнда, ўзбекона бўлса, ундаги фикр ва ғоялар ҳам одамга шунчалик осон сингади.

Мансур АҲРОРОВ, ошпаз (Ургут тумани):

— Юртимиздаги қай шаҳарга борманг, дўкону ошхоналар эшигида «Open» / «Closed» ё «Открыто» / «Закрыто», жамоат автоуловлари, истироҳат боғлари-ю бозорларда «No smoking» каби огоҳлантирувларни кўрамиз. Шуларнинг ўзбекчасини ёзишга нимадир халақит берадими?

— Фақат шундай бўлса, гўрга эди! Уларнинг пешлавҳалари ҳам ажнабийча-ку? Майли, бағрикенг халқмиз. Ҳамманинг кўнглини олгимиз келади. Аммо мен хизмат сафари билан борган чет элларда – Англия­да ё Россияда дўкон-ошхоналарга ўзбекча «очиқ» / «ёпиқ» деб, жамоат жойларига «чекманг» деб ёзиб қўйишмаган. Улар ўз она тилини севишади, ҳамма нарсани шу тилда ёзишади. Тартиб шу. Бизнинг дўкондорларга эса шу орқали бошқа рақибларидан ажралиб туриш муҳим, шекилли. Йўқса, маъносини ҳеч ким билмайдиган «Изидияр», «Элзар» каби номларни қўйишга уларни ким мажбурлайди?

Менимча, бу она тилини менсимасликдан бошқа нарса эмас.

Шоҳруҳбек ОЛИМ, тележурналист:

— Оғзаки тилимизга қўшилиб, матбуот тилида ҳам қаратқич (-нинг) келишиги тушум (-ни)га ўрин бераётганини қандай қабул қиласиз? Бу табиий жараёнми? Хорижий исмларни қандай қўллаш керак: Гомер – Ҳомер, Генрих Гейне – Ҳайнриҳ Ҳайне, Гарвард – Ҳарвард…

— Бу саволлар катта мақола ёзиб, фикр­ларни далиллашни тақозо этади. Қисқа баён қилсак, бир шоирнинг:

Бил: «нинг»нинг «ни» бўлгани —

Туркий тилнинг ўлгани,

деган фикрига мен ҳам қўшиламан. «-нинг» суффиксини «-ни» деб қўллаш тилнинг ихчамлашиши эмас, ёзғувчининг саводсизлигидан дарак. Абдулла Қаҳҳор­нинг «Санъаткор» ҳикояси қаҳрамони айтган «Гугуртнинг ерга ташаманг» жумласи нақадар «чиройли» чиққанини бир эсланг.

Энди, Гомер – Ҳомер… каби икки хилликларга келсак, бу номлар бизга руслар орқали кириб келган. Гегель ўзбек тилида Ҳегел бўлади. Руслар «ҳ»ни бўғзидан чиқаролмайди, уни «г» билан алмаштиришга мажбур. Демак, аслиятга қараган китобхон янглишмайди. Аммо бу баъзи «ўта саводли» одамларга ўхшаб, Европа сўзларидаги жами «г»ларни «ҳ» билан алмаштириш керак дегани эмас. Гёте – бу Гёте. Ҳёте деб ёзиш — уят!

Яна бир нозик масала «география – жўғрофия»дир. Ўриснинг тили «ҳ»га келишмаса, араб «г» деб айта олмагани учун жўғрофия дейди. Менимча, барча ҳолларда илмий принцип етакчилик қилиши керак. Тилимизда «ҳ» ҳам, «г» ҳам бемалол талаффуз этилар экан, тили келишмаган ўрис Гамлет деса Гамлет деб кета бермай, энди Ҳамлет деймиз, араблар жавҳар деса, йўқ, тўғриси гавҳар, география бўлади, деб айтамиз.

Самандар ДАРХОНОВ, юрист (Жиззах вилояти):

— Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, шахс­нинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситишга энг кам иш ҳақининг 20-40 бараваригача миқдорда жарима солинади. Давлат тилини менсимасликка эса, энг кам иш ҳақининг 1-2 бараваригача жарима белгиланган. Шу инсофданми?

— Мен шундай ўйлайман: «давлат тилини менсимаслик» деб топилган ҳар бир ҳодисага, кодексда белгиланганидек, энг кам ойлик иш ҳақининг 1-2 бараваригача жарима солинса борми, хазиналар тўлиб кетар эди. Кейин эса давлат тилини менсимайдиган одам топилмай ҳам қоларди. Лоақал шу жарима ҳам солинмаяпти-да!

Азиза ҚУРБОНОВА, тележурналист:

— Кўпинча телевидениеда интервью берувчиларнинг иш жойи­ни ёзишда иккиланиб қоламан. Масалан, фалон кенгаш раиси ўринбосари бўладими ёки раисининг ўринбосари? Ёки туман халқ таълими муассасалари фаолия­тини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири деган титрни филолог сифатида қандай ёзишни маслаҳат берасиз? ХТМФМТТЭ бўлими мудири десак, томошабин устимиздан кулмасмикин?

— Тил — тобора ихчамлашишга мойил ҳодиса. Кабутарни каптар деймиз, масжид мачит бўлади. Сўз бирикмалари ҳам шундай. Гарчи, тарихан, фалон кенгаш раисининг ўринбосари дейиш тўғри бўлса-да, ҳозир раиси ўринбосари дейиш ҳам хато эмас.

Иккинчи саволингиз ҳам тилдаги шу ҳодисага оид экан. Бир неча сўздан иборат тушунчани ихчам ифодалашда шу сўзларнинг илк ҳарфлари (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – БМТ), ёки илк бўғинлари (Ўзбекистон Давлат нашриёти – Ўздавнашр) берилади. Буни аббревиатура деймиз. У сунъий сўз, вақт ё ҳажмни тежаш учун ўйлаб топилган. Лекин кўп қўлланса, нутқнинг жонлилиги йўқолади. Ўзбек тили тугул, аббревиатурага анча омилкор бўлган русчада ҳам бунинг чегараси бор. Масалан, ўрислар ГКЧП қисқартмаси беўхшов чиққанини айтиб, кулишган эди. Энди, сиз айтаётган ХТМФМТТЭ майдонга тушса, ГКЧПни бир чўқишда қочиради-қўяди!

Абдукарим СОҲИБОВ, пенсионер (Наманган вилояти):

— Бир мақолангизда «ўзбек тилининг ўз юртида беклик қилишига йўл бермай келаётган дев – миллатсеварликнинг етишмаслиги, фикрий ялқовлигимиз, ҳамон ҳар нарсадан ҳадик оладиган ғилоф бандаси бўлиб келаётганимиз», деган эдингиз. Бу касалликнинг давосини қандай тасаввур қиласиз?

— Сиздай газетхонларнинг борига шукр. Энди… аслида, она тилимизнинг чинакам давлат тили бўлишига қарши одам йўқ. Бироқ ҳамманинг табиатида ялқовлик, танбалликдан бир мисқол бор-да. Фикримча, ҳеч қайси қонун, агар давлат мажбурламаса, бажарилмайди. Ўз навбатида, қонунни бажартириш – давлат органларининг обрўйини оширади.  Ёдингизда бўлса, бир пайтлар Ўзбекистоннинг ўзида она тилимиздаги суд ҳужжатлари русчага расман таржима қилдирилиб, нотариал тасдиқланганидан сўнг кучга кирар эди. Энди шунинг акси рўёбга чиқса бўлди, бошқа ҳеч нарса керак эмас, тилимизга солинган қулф ечилади-кетади…

Дилором АБДУНАЗАРОВА, Денов қишлоқ хўжалиги коллежи ўқитувчиси:

— Шевада ёзилган иншони қабул қилмайман. Ўқитувчиларнинг шевада дарс ўтиши, ўқувчиларнинг дарсда шевада гапиришига муносабатингизни билмоқчи эдим.

— Саводсиз ёки китоб ўқи­май­диган одам шевада гапиради, шевасига мослаб ёзади ҳам. Зиёли одам эса адабий тилда сўзлашга ҳаракат қилади. Тўғри, шевалар билан адабий тил нормалари орасида анча-мунча тафовут бор. Шунинг учун, баъзилар шевада сўзлаш табиийроқ деб ўйлашади. Бундай эмас. Шева — элат тили, адабий тил эса — миллат тили. Айримлар (улар ҳатто тилшунослар орасида ҳам бор) шеваларни жуда катта бойлик, деб айтишади. Бўлса бордир. Аммо менга шевада гапиришга ружу қўйиш (айниқса ҳозир) маҳаллийчиликни авж олдирадиган ҳодиса бўлиб кўринади.

Мактаб — болалар савод чиқарадиган дастлабки маскан. Унинг нутқи шу жойда шаклланади, кейин ҳам бир умр у «мактаб нутқи» муҳитида бўлади. Ўқитувчи эса давлатдан маош олиб ишлайдиган шахс. Унинг тил ҳақидаги қонунни менсимай, адабий тил ўрнига шевада сайраши, менинг назаримда, меҳнат қонунчилигини бузишга тенг деб қаралиши керак.

Сайфулла НАРЗУЛЛАЕВ, ҳунарманд (Андижон шаҳри):

— Илгари бир колхоз раиси ўғлига Бешйилликкатўртйилда деб исм қўйган экан. Шундай шиор бўлган-да. Бугун эса айрим ёш ота-оналар фарзандларига Брюс Ли, Месси, Марадона, Неймар, Роналдо, Жумонг, Ишани деб исм бермоқда. Орадаги фарқ ўттиз-қирқ йилдан зиёд, бироқ касаллик ўша-ўша. Бунинг сабаби ва давоси қандай, сизнингча?

Ўтган асрда бир уламо ўғлига «Саидул Рафрафиддин Аршлар Аъзамхонтўрам» деб от қўйганини эшитганман. Яна биров — Мэлс… Қаранг, одамлар фарзандига ўз дунёқарашига кўра, қолаверса, замонанинг зайлига қараб исм қўяр экан. Шу кунларда қизларга Жасмина, Сабина, Севинч, Фарангиз каби эшитган одамнинг қитиғи келадиган отлар кўп қўйиляпти. Зулайҳо, Ҳабиба, Ҳанифа, Мухторжон, Сиддиқжон, Нўъмон, Асқар каби қадимдан қўйиб келаётган исмлар ёшлар орасида сийраклашиб қолди. Боғча ё мактабда ҳар беш боланинг бири Шоҳжаҳон ё Шаҳбоз, ҳар беш қизчанинг бири Мубина бўлиб чиқади. Ўзбек исмлари камбағаллашиб бораётганини кўриб-билиб турибмиз. Худонинг берган куни иккитадан «телесериал» кўрсак, буям камдай, «миллий сериал»лар потирлаб чиқа берса, фарзандларимизга қўйиладиган исмларнинг ғариблашиши нима экан, маънавий савиямиз ҳам пастлайверади-да.

Яна бир гап: айрим уламотахлит ёшлар боболари ҳам қўймаган ғирт арабий исмларни қидириб топиб, болаларига қўйишяпти. «Тойчоқ»нинг оти нима?» деб ўғлини кўтариб турган бир йигитдан сўрадим, «Абдуллоҳ» деди ғурур билан. «Абдуллами?» «Йўқ, Абдуллоҳ». Ана шунақа.

Миллий манфаат деган тушунча бор. Унинг нималигини яхши англаб олишимиз, миллийликка ёт бўлган барча нарсага ҳушёр назар солиб, одамларни ҳаётдан чалғитадиган, бегона мафкураларга меҳр қўйдирадиган барча нарсадан ўзимизни муҳофаза эта олсак, қанийди. Сиз айтган маънавий хасталикнинг давоси шу, менимча.

Жамир ЖОНҚОБИЛОВ, муаллим (Қашқадарё вилояти):

— Этель Войнич «Сўна» романида айтадики, «мен биладиган энг даҳшатли қурол – кулиш, масхара қилиш». Аммо қизиқчиларимиз айрим хонандалар давлат тилини бузаётган ҳолатларни қанча масхара қилса,  уларнинг аудиторияси шунча кенгайиб боряпти…

— Чет элларда шундай тадбир бор экан: унутилиб кетаёзган санъаткор ёки спортчи хотини билан қўйди-чиқди қилибми ё маст бўлиб ҳушёрхонага тушибми, ишқилиб, номини одамларнинг эсига солиб тураркан, бу ҳам реклама экан. Қизиқчилар айрим хонандаларнинг қўшиқ айтишдаги иллатларини кулги йўсинида кўрсатишса, шу жумладан она тилимизни бузаётганларини мазахлашса, шу тариқа ҳажв қилишадики, билолмай қоласиз — хонанданинг елкасини уқалаяптими ё хушомад қилиб, костюмининг чангини артаётибдими? Боягидай хонандалар эса бунақа «танқид»дан кейин баттар авжга чиқади, янада ғалатиларини саҳнага олиб чиқади, «Чупра далли-далли», «Роталло!» каби нафақат ўзбеклар, ҳатто хоразмликлар ҳам англамайдиган сўзларни топади-да…

 

 Махсус савол


Маҳмуд САЪДИЙ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

— Мустақиллик йиллари жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш анча жонланди. Бироқ, таассуфки, уларнинг аксарияти ҳамон иккинчи тил орқали, бунинг устига, сўзма-сўз таржима бўлиб қолмоқда. «Янги аср авлоди» нашриёти «Камолот кутубхонаси» туркумида хайрли лойиҳани бошлади. Бу яхши. Шу туркумда чоп этилаётган асарларнинг қанчаси аслиятдан таржима экан? Улардан кўнглингиз тўладими? Айрим нашриётлар эски таржима асарларни таржимоннинг номини олиб ташлаган ҳолда чоп этаётганига муносабатингиз қандай?

Бугун чет тилларни ўқитишга давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилаётган бир пайтда инглиз, немис, француз, испан тилларидаги асарларни рус тили орқали таржима қилиш қанчалик тўғри?

— Кимдир бировнинг таржима асарини ўғирлаб, ўз номидан чоп эттиряпти ёки ғирром нашриётлар қаламҳақи тўламаслик учун мутаржим номини яшириб китоб чиқаряпти… — бор шунақа ҳодисалар. Аммо улкан таржима дарёси гувиллаб оқаётган экан, булар сув устида қалқиган хас-чўп сингари, вақти келиб, бир четга сурилиб қолади. Шунинг учун, саволнинг мағзига келсак.

Гарчи бундан қирқ-эллик йиллар илгари ҳам мактабларда русчадан ташқари, инглиз, олмон, француз тиллари ўқитилган, вилоят марказларидаги педагогика олийгоҳларининг чет тили факультетларини ҳар йили юзлаб талаба битириб чиққан бўлса-да, чет тиллардан ўзбекчага тўғридан-тўғри таржима қилишга йўл берилмас эди. Эҳтимол, бирон «ёт ғоя» кириб қолмасин, деб хавотирланишгандир. Энди ана шу тўсиқ бартараф бўлди: исталган хорижий тилдан ўзбекчага бемалол таржима қила бериш мумкин.

Аммо… бир «лекин»и бор. Ёдингизда бўлса, Абдулла Қаҳҳор бир мақоласида «Ҳавойи гапларни гапириб ўтирмайлик!», деган эди. Кўплаб чет тиллардан таржима қилишга киришсак, ҳавойиликка берилиб қолгандай бўламиз, назаримда.

Чўлпон бир китобга сўзбошисида: «Нафис асарларни бир тилдан иккинчисига таржима қилиш қийин бўладир. Айниқса, ишланган тилдан ишланмаган тилга…», деб ёзган эди. Чиндан ҳам, ўтган асрнинг йигирманчи йилларида реалистик услубда битилган асарлар ўзбек тилига деярли ўгирилмаган, шу жиҳатдан қараганда, она тилимиз «ишланмаган» ҳолда эди. Чўлпонлар авлоди русчадан кўп асарларни таржима қилди, таржималар савияси ҳам тобора яхшиланиб борди, оқибат, ўзбек тили «ишланган тил» мақомига етди. Орадан ўтган қарийб бир асрлик таржима жараёни туфайли, ҳозир рус тилидан ўгириш хийла ўнғайлашди. Аммо, айтайлик, испан ё япон тилидан ағдаришга тўғри келса, тилимиз яна «ишланмаган» ҳолига келади. Негаки, ҳар бир тилдан бошқа яна ҳар қандай тилга таржима қилишнинг хоссалари бошқа-бошқа, ўша тиллар табиатига хос ифодаларнинг ўзбекча муқобили бўлган трафарет иборалар, сўз бирикмалари ва ҳоказолар йўқ, топилмаган ҳали. Бошқа халқнинг менталитетини тушуниш ва ўзбек китобхонига уни муқобил тарзда тақдим этишнинг ўзи бўлмайди. Ҳозир она тилимизга можор, хитой ё япон тилидан бевосита ўгирилган асарни ўқиб кўрсангиз, гарчи мутаржим иккала тилни яхши билса, боз, ўзи ижодкор бўлса-да, қандайдир ўхшовсиз бир адабий ҳодиса майдонга келади. Чунки ҳар қандай жараёнда бўлганидай, таржимада ҳам объектив (бировнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган) омиллар бор. Ўша тиллардан таржималар равон чиқиши учун ўн йиллаб давом этадиган таржима жараёни ўталиши, муайян тажриба тўпланиши лозим.

Чет тилларни ўқитишга катта аҳамият берилаётгани яхши, албатта. Аммо бунинг самараси дарров кўрина қолмайди. Чунки филология факультетини тамомлаган киши ёзувчи ёки шоир бўлиб қолмаганидек, чет тили факультетини хатм қилган одам ҳам тайёр таржимон эмас. Бугун хорижий асарларни рус тили орқали ўгириш тўхтатилса, ҳар йилги таржима маҳсулотларининг ярми қолади. Бинобарин, бу ишни тадрижий тарзда — рус тили орқали таржима қилишни давом эттирган ҳолда, аслиятнинг ўзидан ўгиришни тобора кўпайтириб бориш тарзида амалга оширган маъқулроқ.

Умид ЁҚУБОВ ёзиб олди.

(“Оила даврасида” газетаси)

SHARE