ХВЖ: Ўзбекистон газ экспортини Россиядан Хитойга ўз вақтида йўналтирди

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 2016 йилдаги ўсиши прогнозларини 7 фоиз даражасида қолдирди. Бунга газ экспортининг Россиядан Хитойга ўз вақтида йўналтирилгани сабаб бўлди.

“Ўзбекистон табиий газнинг Россиядан кўра кўпроқ пул тўлайдиган Хитойга йўналтиргани халқаро бозорда табиий газ баҳоси пасайган бир шароитда муҳим аҳамиятга эга бўлди”, — дейилади жамғарма экспертлари хулосасида.

Прогнозларга кўра, 2015 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти, ҳукумат кутаётган даражада 8 фоиз эмас, балки 6,8 фоиз ўсади.

Инфляция кўрсаткичи бир оз пасайиши ва кутилган 9,7 фоиз ўрнига 9,2 фоиз бўлиши мумкин. Жорий операциялар сальдоси 2015—2016 йилларда мос равишда 0,2-0,3 фоиз бўлади. Бу кўрсаткич 2014 йилда 1,7 фоиз бўлган эди.

Жамғарма таҳлилчиларининг фикрича, Россиядан пул ўтказмалари камайиши натижасида миллий валюта курси пасайишига жиддий инфляция босимига олиб келса, ҳукумат пул-кредит соҳасини тартибга солиш учун қатъий чоралар кўриши керак бўлади.

Россиядаги инвестициявий ҳолатнинг ёмонлашиши натижасида Ўзбекистон ҳукумати истиқболда миллий иқтисодиётга сармоя миқдорини кўпайтиради.