АҚШ Жанубий Кореянинг Т-50 самолётлари Ўзбекистонга сотилишига қарши чиқди

АҚШ ҳукумати Жанубий Кореяга Ўзбекистонга умумий қиймати 400 млн долларлик 12 та реактив ўқув-жанговор самолётини сотишга рухсат бермади. Бу ҳақида Газета.uz сайти интернет манбаларига асосланиб хабар қилди.

Ўзбекистоннинг 12 та Т-50 самолётини сотиб олиши тўғрисидаги дастлабки келишувга Жанубий Корея ва Ўзбекистон мудофаа вазирлари Хан Мингу ва Қобил Бердиевнинг 2015 йил апрелидаги музокараси вақтида эришилган ва ўша пайт ўзаро тушуниш меморандуми имзоланган эди.

Жанубий Кореянинг ҳарбий манбалари АҚШнинг Ўзбекистонга Т-50 самолётларини сотишни рад этиш тўғрисидаги қарорини изоҳлаб, бунга Тошкентнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзолиги ва Ўзбекистоннинг Россия билан алоқалари қалинлигини сабаб қилиб кўрсатди. Уларнинг фикрича, «АҚШ Ўзбекистонга Т-50 самолётлари экспорт қилиниши билан ўз технологияларининг Россия қўлига тушиб қолишидан хавотирда».

«АҚШ ҳукумати технологияларнинг мухолифлар қўлига ўтиб кетиш эҳтимоли ва дипломатик муаммолар келиб чиқишидан хавотирланиб, келишувга қарши чиқмоқда», — деб ёзади газета.

Шунга қарамасдан, Жанубий Корея Мудофаа вазирлигининг Defence Acquisition Programme Agency (DAPA) харид қилиш, шунингдек, қурол-яроғни экспорт қилиш учун масъул агентлиги ҳали ҳам Т-50 самолётларини сотиш бўйича Ўзбекистон билан мулоқотни давом эттиришга интилмоқда. «DAPA келишувни амалга ошириш бўйича Вашингтонни кўндириш борасида саъй-ҳаракатларини кучайтиради», — деди Жанубий Кореянинг расмий ҳарбий вакили.

Т-50 Golden Eagle самолётини Жанубий Кореянинг Korean Aerospace Industries (KAI) бирлашмаси Американинг Lockheed Martin корпорацияси билан бирга ишлаб чиққан ва унинг барча вариантларига АҚШда ишлаб чиқарилган тизимлар, жумладан, General Electric F404-102 двигатели ўрнатилади. Ушбу двигатель Samsung Techwin корхонасида АҚШдан олиб келинган машина қисмларидан йиғилади. Шунинг учун Т-50 самолётларини экспорт қилиш ҳар доим АҚШ ҳукуматининг розилигини талаб қилади.

SHARE