Навоийда тўрт нафар эгизак туғилди

2015 йил 20 октябрь куни Навоий вилояти перинатал марказида нафақат навоийликларни, таъбир жоиз бўлса, дунё аҳлини ҳайратлантирадиган қувончли воқеа рўй берди.

Карманалик Давлатбек Тўраев ва Дилфуза Ниёзовалар оиласида тўрт нафар чақалоқ дунёга келди. Бу ҳақида вилоятнинг “Дўстлик байроғи” газетаси хабар тарқатди.

Унда айтилишича, 2300, 1520, 1750 ва 2000 грамм оғирликда туғилган қизалоқларнинг тўрталаси ҳам соғлом. Биринчи марта оналик бахтига муяссар бўлган Дилфузага тажрибали неонатолог ва ҳамширалар чақалоқларни парваришлашда ёрдам беришмоқда.

Шифокор Гуллола Тожиеванинг айтишича, ёш она айни пайтда чақалоқларини бемалол ўзи овқатлантирмоқда. Демак, ҳаётбахш она сути ёрдамида митти қизалоқлар ҳадемай меъёрдаги вазнга эга бўлишади.

Дарвоқе, эгизакларга Фотима, Зуҳра, Заҳро ва Зулайҳо дея исм қўйишди. Уларнинг ота-онаси ва яқинларига бу қувонч муборак бўлсин!