АҚШ Давлат котиби Жон Керри илк марта Ўзбекистонга ташриф буюради

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюради. Бу ҳақида АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жон Кирби маълум қилди.

Хабарларда айтилишича, Жон Керри дастлаб Австрияга ташриф буюради. Шундан сўнг у Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга боради. АҚШ Давлат котиби ташрифи 28 октябрдан 3 ноябрга қадар давом этади.

АҚШ ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Марказий Осиё давлатлари ҳукумат раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари билан мулоқот олиб боради. Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, бу ташриф Жон Керри фаолиятидаги илк ташриф бўлиб, у бир вақтнинг ўзида Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига ташриф буюрган америкалик юксак мартабали дипломат ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Америка Қўшма Штатларининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Памела Леора Спратленни қабул қилди.

Мулоқот чоғида бўлажак учрашувнинг кун тартиби ва амалий масалалари муҳокама қилинди.

SHARE