Ўзбекистон элчиси Эрон президентига ишонч ёрлиқларини топширди

2015 йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Баходир Абдуллаев Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳонийга ишонч ёрлиқларини топширди.

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди. Маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Эрон Президенти ШҲТнинг 2014 йилдаги саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан бўлиб ўтган учрашув ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, турли йўналишлардаги, хусусан савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, илмий-техника, туристик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришдан томонлар манфаатдор эканлиги қайд этилди.