Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2016 йилда 7,8 фоиз ўсиши прогноз қилинмоқда

Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси 2016 йилга мўлжалланган “Бюджетнома” – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини муҳокама қилмоқда.

Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, келгуси йил учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари, шунингдексолиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ишлаб чиқилишида асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳисобланган ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,1 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоизга ўсиши назарда тутилганлиги ҳамда мазкур кўрсаткичларнинг якунланаётган йилда ҳам юқори суръатларда ўсиши кутилаётганлиги асос қилиб олинган.

Хўжалик юритувчи субъектларга солиқ юкини янада пасайтириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларни рағбатлантириш учун қўшимча манба яратиш мақсадида хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловини 6 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш, ушбу корхоналар ихтиёрида 58.4 млрд. сўм қолдириш имконини бериши билан биргаликда хизмат кўрсатиш соҳасини мамлакат ялпи ички маҳсулотдаги улушини 55 фоизга етказилишига хизмат қилади.

2016 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, фойда солиғи, ягона солиқ тўлови, қўшилган қиймат солиғи ва бошқа бир қатор солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг амалдаги ставкаларини сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар ҳамда текстил соҳасидаги ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланиб келган солиқ ва божхона имтиёзлари муддатини 2018 йил 1 январга қадар узайтирилиши мамлакатимизда истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва турларини кенгайтиришни, тайёр ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи янги маҳаллий корхоналарни ташкил этишни рағбатлантиради.