Самарқанд «С5+1» — Марказий Осиё ва АҚШ мулоқот гуруҳи учрашувига мезбонлик қилди

Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида 1 ноябрь куни Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди.

ЎзА хабар беришича, мажлисни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов очди.

Учрашувда АҚШ Давлат котиби Жон Керри, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов иштирок этди.

Мажлисда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди, халқаро ва минтақавий долзарб масалалар муҳокама этилди.

Учрашув якунида Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва АҚШ ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация қабул қилинди. Тадбир иштирокчилари олти давлат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида умум манфаатдор масалалар юзасидан мунтазам сиёсий мулоқот ўтказиш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг янги формати – «С5+1»ни ташкил этишни маъқуллади.

Жон Керри БМТ Бош ассамблеяси саммити доирасида асос солинган ушбу мулоқот гуруҳини “жуда муҳим”лигини қайд этди.

АҚШ Давлат департаменти тарқатган хабарда айтилишича, АҚШ ва Маркази Осиё мамлакатлари савдо, энергетика, транспорт, коммуникация ва транзит соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олишди. Бунда хорижий инвестициялар учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, АҚШ ва минтақа мамлакатлари ўртасида бизнес алоқани ўрнатиш ва кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилади.

SHARE