Ислом Каримов Россия йўловчи самолёти ҳалокати муносабати билан Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Мисрнинг Синай ярим оролида Россия йўловчи самолёти ҳалокатга учраши ҳамда 200 дан ортиқ кишининг вафот этгани муносабати билан Россия Президенти Владимир Путин ва рус халқига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақида Кремль матбуот хизмати хабар тарқатди.

Газета.uz сайтининг ёзишича, уч кундирки, Тошкент аҳолиси шанба куни Мисрнинг Синай ярим оролида қулаб тушган Metrojet авиакомпанияси самолётида ҳалок бўлган йўловчилар хотирасига Россиянинг Тошкентдаги элчихонасига гул келтирмоқда.

Россия дипломатия миссияси дарвозаси олдида гул, мотам гулчамбарлари, шам ва ёзувларни кўриш мумкин. Йўловчилар тўхтаб, авиаҳалокат қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирмоқда.

«Шарм аш-Шайх — Санкт-Петербург» 9268 рейси билан учаётган А321 самолёти бортида 217 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси бор эди ва уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди. 1 ноябрь куни Россияда улар хотирасига мотам эълон қилинди.