Раънохон Аманова “Рио-2016” — Олимпиада ўйинларига йўлланма олди

2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма олган спортчиларимиз сафи яна биттага кенгайди.

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар беришича, Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилаётган Жаҳон Гран-Присининг навбатдаги босқичида ҳамюртимиз Раънохон Аманова 200 метр масофага комплекс усулда сузиш бўйича мусобақада 2:13,08 сония натижа қайд этиб, “Рио-2016” ўйинларига лицензияни қўлга киритди (ушбу масофада Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун белгиланган меъёр 2:14,20 сонияни ташкил этади).

Бугун Қатарда ўтказилаётган Жаҳон Гран-Присида яна бир юртдошимиз Владислав Мустафин 100 метр масофага брасс усулда сузиш мусобақасида стартга чиқади.

Жаҳон Гран-Присининг навбатдаги босқичи 6-7 ноябрь кунлари БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилади.

Ўзбекистон сузиш федерацияси матбуот хизматидан маълум қилинишича, Доҳа ва Дубай шаҳарларида ўтказиладиган Жаҳон Гран-Присига жами 9 нафар спортчимиз йўл олган.

Маълумот учун. Раънохон Аманова 2012 йили Лондон шаҳри (Буюк Британия)да бўлиб ўтган ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларида ҳам Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган.

SHARE