Жон Керри: БМТга бундан бир неча аср муқаддам Самарқандда асос солинган

АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг айтишича, БМТга бундан бир неча аср муқаддам Самарқандда асос солинган. У ушбу фикрни Қозоғистондаги Назарбоев университетида қилган маърузаси чоғида маълум қилган.

“Куни кеча кўҳна Ипак йўли шаҳри — Самарқандга ташриф буюрдим. Мен илк маротаба илгари карвонлар тоғу чўллар орқали босиб ўтган манзилни кўрдим. Бу йўл минтақа бўйлаб мол ташиган, одамларни маконига элтган, ғоялар алмашувига туртки бўлган. Яна бир тарихий воқеа ҳақида эшитдим: Ўн бешинчи асрда Испания қироли Генри III Гонзалес Клавихони Амир Темур ҳузурига элчи сифатида юборади. Клавихо Истамбул, Трабизон, Шимолий Эрон орқали Самарқандга кириб келади ва Амир Темур томонидан қабул қилинади. Айни пайтда шаҳарнинг ўша даврдаги ҳаёти ва қиёфасини батафсил тасвирлаб беради. У Самарқандни маданият, санъат, тижорат ва ғоялар кесишган шаҳар сифатида таърифлайди. Самарқандда сиз туркларни, арабларни, мусулмонларни, яҳудийларни, юнонларни, арманларни, христианларни, католикларни ва бошқа дин вакилларини учратишингиз мумкин бўлади. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бундан 70 йил аввал Нью-Йоркда ташкил қилинган, деб ўйлаймиз. Йўқ, аслида унга бундан бир неча аср бурун Самарқандда асос солинган”, деди у ўз маърузасида.

Жон Керрининг айтишича, бугун барча қўшниларни ажратиб турадиган жиҳатдан кўра бирлаштирадиган омиллар кўпроқ. “Биз ҳар биримиз билан очиқ ва самимий мулоқотда бўлишимиз керак”, дейди америкалик дипломат.