Туркия парламент сайлови: Эрдўған партияси қандай ғалабага эришди?

Маълумки, шу йилнинг 7 июнь куни Туркияда бўлиб ўтган парламент сайлови натижаларига кўра биронта ҳам партия ҳукуматни шакллантира олмагач, 1 ноябрь куни навбатдаги сайловлар ўтказилди. Бу давр ичида мамлакат сиёсий инқироз ёқасига бориб қолди, десак муболаға бўлмайди. Сайлов натижаларига кўра, Эрдўғаннинг “Адолат ва тараққиёт партияси” сайловда 49,36 фоиз тўплаган ҳолда ғолиб бўлди. Партия бир ўзи ҳукуматни шакллантириш ваколатига эга бўлди.

Халқ республика партияси 25,44 фоиз, Миллий ҳаракат партияси 11,96 фоиз овоз тўплади. Курдларга эътибор қаратадиган Халқ демократик партияси эса 10,65 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлди. Эрдўғаннинг партияси сайловда ҳукуматни ёлғиз шакллантириш имкониятига эга бўлиши жуда мушкул бўлган эса-да, партия бу вазифани эплади.

Туркиялик экспертлар ушбу муваффақият замирида бир неча омиллар борлигини маълум қилишмоқда.

Биринчидан, Баҳчели ўзининг салбий жиҳатларини намойиш қилди. Миллий ҳаракат партияси электорати партия раҳбари Девлет Баҳчелининг бир қатор хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватламади. Айниқса, “Адолат ва тараққиёт партияси” билан музокараларда у ўзининг яхши етакчи сифатларини намойиш эта олмади. Чунки аксарият партия фаолларининг фикрича, Миллий ҳаракат партияси Аҳмет Довутўғли билан коалиция тузишга мойиллик билдириши керак эди.

Иккинчидан, Курдистон ишчилар партияси ва “Ислом давлати” террористик ташкилоти билан боғлиқ бўлган террористик ҳужумлар натижасида Туркияда зўравонлик ва беқарорлик авж олди. Терроризм хавфининг ортиши одамларда айнан кучли ва барқарор ҳукуматгина бундай ҳужумларни қайтариш имкониятига эга бўлиши ҳақидаги фикрларни шакллантирди. Ўз навбатида, курдлар тарафдори бўлган Халқ демократик партиясининг Курдистон ишчилар партияси зўравонликларига қарши кескин туриб бера олмагани ҳам сайловчиларнинг фикрига ўз таъсирини ўтказди.

Учинчидан, иқтисодиётга урғунинг кучайтирилиши муҳим роль ўйнади. “Адолат ва тараққиёт партияси” 7 июндаги сайловлардан фарқли ўлароқ асосий эътиборни сиёсий ислоҳотларга эмас, балки иқтисодий муаммолар ечимига қаратди. Айниқса, пенсия ёши ва кам таъминланган оилалар даромадини оширишга доир сайловолди ваъдалари ўз самарасини берди.

Тўртинчидан, номзодлар рўйхатидаги ўзгаришлар сайловчиларга маъқул келди. “Адолат ва тараққиёт партияси” 7 июндаги сайловдан яхши хулоса чиқариб, ўз номзодлари рўйхатини аҳолининг талаб ва хоҳишига қараб мослаштирди. Айниқса, Ражап Тоййиб Эрдўғаннинг “Адолат ва тараққиёт партияси” конгрессига катта таъсир кўрсатгани ҳам партиянинг собиқ тарафдорларини қайтариб олишга замин яратди.

Хўш, мазкур сайлов натижалари Ўзбекистон ва Туркия муносабатларига қандай таъсир кўрсатади? Айрим таҳлилчилар фикрича, сўнгги йилларда Эрдўған ва Довутўғлининг Ўзбекистон раҳбарияти билан олиб борган мулоқотлари натижасида сиёсий ва гуманитар мулоқотлар жонланганига гувоҳ бўлиш мумкин. Аммо Сурия ва Ироқда террористлар жамланаётгани, бунда террористлар учун Туркия асосий транзит йўлаги бўлиб қолаётгани ҳам икки мамлакат ўртасида мулоқотлар силлий ривожланади, деб бўлмайди. Туркия ва Ўзбекистон мулоқотлари айнан мана шундай масалада ҳамкорликни кучайтириш ва бунда ўзаро тушуниш ва ишончни мустаҳкамлашга боғлиқдир.