Осиё тараққиёт банки: Ўзбекистонни Афғонистон орқали Эрон портларига олиб чиқадиган темир йўл қурилиши якунланиши керак

Осиё тараққиёт банки бош директори Хуан Миранда Тошкент, Ашҳобот, Кобул ва Теҳрон “Ўзбекистон — Афғонистон — Эрон” темир йўлини биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан қуриб битказиши кераклигини айтди. У ушбу фикрини Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форумда билдирган.

“Бугун ушбу мамлакатларни бирлаштирадиган, бир вақтлар бошланиб, лекин турли сабаблар туфайли охиригача етказилмаган темир йўл қурилишини якунлашнинг вақти етиб келди. Бу Ўзбекистон ва Марказий Осиё бошқа мамлакатлари товарларининг Эрон Бандар-Аббос портига олиб чиқилиши имконини беради. Шу йўл билан ушбу товарларга талаб бўлган бозорларга чиқиш мумкин бўлади. Шу сабабли ушбу ишни халқаро молиявий институтлар, шу жумладан, Осиё тараққиёт банки кўмагида якунлаш лозим” , деди у.

Шуни айтиш керакки, ўзбекистонлик темирйўлчилар Афғонистондаги биринчи темир йўл “Ҳайратон — Мозори Шариф” эксплуатациясини амалга оширмоқда. Аммо Ҳирот — Мозори Шариф темир йўлини қуришни молиялаштириш масаласи ҳалигача ечим топгани йўқ.

Экспертларнинг айтишича, Марказий Осиёда Ўзбекистонни айланиб ўтадиган транспорт йўналишлари борасида рақобат кучайган бир шароитда миллий транспорт тизимининг халқаро транспорт кориждорларига янада кенг интеграциялашуви мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилади.