Жаҳон банки Ўзбекистонда 2020 йилга қадар 4 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширади

Жаҳон банки 2016-2020 йилларга мўлжалланган шериклик стратегиясини тайёрлашни якунламоқда. Унинг доирасида қиймати 4 миллиард доллардан зиёд бўлган 30 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бунинг натижасида умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд бўлган 28 қўшма лойиҳа амалга оширилди. Бу лойиҳалар электр энергетикаси, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизациялаш, сув таъминоти, ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш каби йўналишларни қамраб олган. Ушбу лойиҳаларни молиялаштиришда Жаҳон банкининг улуши 2,6 миллиард долларни ташкил этди.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик муносабатларида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Унинг доирасида Жаҳон банки 300 миллион доллардан ортиқ миқдордаги узоқ муддатли имтиёзли кредит билан 4 лойиҳани амалга оширишни қўллаб-қувватлади.

Мамлакатимизда Халқаро молия корпорациясининг 135 миллион доллар миқдоридаги инвестицияси иштирокида хусусий секторни ривожлантириш бўйича 20 лойиҳа амалга оширилди.

Халқаро молия корпорацияси билан нефть-кимё, кимё саноати, муқобил энергия манбалари ва молия соҳаларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

SHARE