“Ўзнефтмаҳсулот”дан фонограмма: ҳайдовчиларни хавотир олмасликка чақирмоқда

«Ўзнефтмаҳсулот» компанияси аҳолининг бензинга эҳтиёжини қондириш учун барча зарур чораларни кўраётганини маълум қилди. Газета.uz бу ҳақида ёзади.

«Ўзнефтмаҳсулот» компанияси сайтида раҳбариятнинг навбатдаги баёнотини эълон қилди, унда яна автомобиль бензини ва ёнилғи-мойлаш материаллари етарли миқдорда ишлаб чиқарилаётгани таъкидланади.

Компаниянинг тан олишича, «бир неча кундан бери айрим ҳудудлар, жумладан, Тошкентдаги АЁҚШларда бензинга бўлган навбат кўпайиб, истемолчиларга ноқулайлик туғдирмоқда ва бу ҳол ҳақли равишда эътирозларингизга сабаб бўлмоқда».

«Ўзнефтмаҳсулот»нинг «мутасадди ходимлари тегишли назорат органлари билан ҳамкорликда вазиятни ўрганиб, уни бартараф этиш юзасидан барча чораларни кўрмоқда». Тошкент шаҳри ва жойларда сайёр гуруҳлар тузилиб, кечаю кундуз назорат ва таҳлил ишлари олиб бормоқда.

Таҳлил кўрсатишича, «бундай ҳолатга айрим шов-шув ишқибозларининг ёнилғи ишлаб чиқариш камайиб кетгани сабабли гўё бензин нархи ошиб кетиши ва бозорга чиқариладиган бензиннинг лимити тугагани сингари уйдирмаларига ишонган баъзи кишиларнинг бензинни мумкин қадар кўпроқ захира қилиб олишга ҳаракат қилаётгани ва мазкур вазиятдан фойдаланиш илинжида бўлган нопок кимсаларнинг чайқовчилик йўлига ўтаётгани сабаб бўлмоқда».

Қизиғи, gazeta.uz сайтининг ёзишича, «Ўзнефтмаҳсулот» компанияси сентябрь ойидаги баёнотини сўзма-сўз такрорламоқда: «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси сизларни тўлиқ ишонтириб таъкидлайдики, мамлакатимизда бензин ва бошқа ЁММлар таъминоти бўйича муаммо йўқ, бўлмайди ҳам. Чунки республикамизда жаҳон стандартларига жавоб берадиган барча ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари етарли миқдорда ишлаб чиқарилмоқда. Нефть хомашёси нафақат мамлакатимиз ички эҳтиёжини қондириш, балки муайян миқдордаги ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини экспорт қилиш учун ҳам етарли миқдорда қазиб чиқарилиб, қайта ишланмоқда”.

Компания ёнилғи қуйиш жараёнида истеъмолчилар, ёнилғи қуювчиларнинг нопок хатти-ҳаракатлари ҳамда ташмачилик ва чайқовчилик ҳақида унинг вакилларига, назорат органларига ва «Ўздавнефтгазинспекция»нинг ((0371) 268-04-50) ва компаниянинг ((0371) 231-14-21) ишонч телефонларига хабар қилишни сўрайди.