Ўзбекистонлик Ольга Умаралиева Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди

4-8 ноябрь кунлари Индонезиянинг Палембанг шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида яна бир ҳамюртимиз Ольга Умаралиева қитъа чемпионатининг олтин медаллари билан бирга, 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун белгиланган меъёрни бажарди. Бу ҳақида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Байдаркада эшкак эшиш бўйича 200 метр масофага ўтказилган яккалик пойгаларида марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келган Ольга, терма жамоамиз ҳисобига Осиё чемпионатининг навбатдаги олтин медалини келтириш билан бирга, “Рио-2016” ўйинларининг йўлланмаси учун белгиланган меъёрни бажаришга муваффақ бўлди.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар ушбу қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Алексей Мочалов байдаркада, Герасим Кочнев эса каноэда эшкак эшиш бўйича яккалик қайиқда 1000 метр масофага ўтказилган пойгада биринчи ўринни эгаллашди. Каноэда эшкак эшиш бўйича икки кишилик қайиқда 1000 метр масофага бўлиб ўтган пойгада Вадим Меньков ва Серик Мирбеков шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишди.

Шу тариқа, Палембанг шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида бир йўла беш нафар ҳамюртимиз 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун белгиланган меъёрни бажардилар.

SHARE