Туркия компанияси Сурхондарёда цемент заводи қуради

Туркиянинг Dal Engineering Group компанияси Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида янги цемент заводи қуради.

“Подробно” ахборот агентлигининг ёзишича, Dal Engineering Group ва Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати цемент заводи қуриш ҳақида меморандум имзоладилар.

Янги заводнинг тахминий нархи 225 миллион долларни ташкил қилади. Ушбу маблағнинг 90 миллион долларини Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ажратади, 24,4 миллион долларини эса Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва яна 110 миллион доллар маблағни мамлакатдаги тижорат банкларидан кредит сифатида жалб қилиш режалаштирилган.

2018 йилда ишга туширилганидан кейин, завод йилига 1,5 млн тоннагача портландцемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Бу цемент ишлаб чиқариш бўйича Туркия компанияларининг Ўзбекистондаги биринчи йирик лойҳаси эмас. 2014 йилнинг март ойида Dal teknik makina tigaret ve sanayi A.S концорциумининг аъзоларидан бири Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида цемент заводини ишга туширди. Лойҳанинг умумий нархи 114 миллион доллардан ошди.

Ҳозир ушбу заводда кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Цемент ишлаб чиқариш линияси йилига 760 минг тоннадан 1 миллион тоннагача еткизиш кўзда тутилган. Технологик линияни кенгайтириш 2016 йил сентябрида тугатилиши керак.

Маҳсулот нархини арзонлаштириш мақсадида Жиззах вилоятидаги “Тимирязевское II” ганч конини ўзлаштириш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда заводга ганч Бухородан темир йўл орқали олиб келинади. Коннинг аниқланган захираси 1,1 миллион тоннани ташкил қилади.

SHARE