Ўзбекистоннинг олтин захираси икки йиллик импорт қийматига тенг

Сўнгги 10 йил ичида Ўзбекистон ўзининг олтин захиралари ҳажмини изчил ошириб, ялпи ташқи қарзи миқдорини камайтириш чораларини кўрди. Бу ҳақида Sputnik нашри Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги вакилига таяниб хабар тарқатди.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон олтин захиралари ҳажми 24 ойлик импорт қийматига тенг. Ташқи қарз ҳажми эса ялпи ички маҳсулотнинг 16 фоизини ташкил қилмоқда. Ундан 8 фоизи давлат қарзини ташкил қилиб, унга хизмат кўрсатиш учун бюджет харажатларининг 1 фоиздан кам қисми ишлатилмоқда.

Sputnik нашрининг ёзишича, бундай кўрсаткичлар республиканинг эҳтиёткорона ва чуқур уйланган ташқи қарз олиш сиёсати эвазига эришилган. Ушбу сиёсат 3 тамойилдан ташкил топган.

“Биринчидан, Ўзбекистон истеъмол кредитлари олмайди, яъни ейиш учун пул қарз олмайди. Иккинчидан, агар тўлиқ ва ўз вақтида қайтариб беришга ишонч бўлмаса — қарз олинмайди. Учинчидан, кредитлар фақат асосий, саноат ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ва иқтисодиётдаги стратегик масалаларни ҳал қилиш учун сармоя сифатида жалб қилинади”, — деди Молия вазирлиги мутахассиси.

Ўзбекистон сиёсатининг яна бир моҳияти шундаки, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидан ташқари, давлат томонидан жалб қилинган кредитларнинг барчаси ўзини қоплаш учун керак бўладиган пул маблағларини ўзи яратади.

Ундан ташқари, кўп йиллар давомида Ўзбекистон бюджети ижроси уч тарафлама профицит билан бажарилмоқда. Авваламбор, давлат бюджет профицит билан ижро этиляпти, жорий ҳисоб ва тўлов балансида профицитга эришилди. Эътиборли жиҳати, тўлов балансидаги профицит Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёти фондига йўналтирилади.

2014 йилдан бери республиканинг ички қарзи нолга тенг, капитал ва активлари ҳар йили 30 фоизга ўсмоқда. Республика банклари кредит портфелида молия ҳажми 70 фоизни ташкил қилмоқда.