Гулчеҳра Жамилова: “Отабек ва Кумуш ролига муносиб актёр ва актрисалар йўқ”

Ёзувчи Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида янги фильм суратга олинадиган бўлса, унда Кумуш ролини ижро эта оладиган муносиб актриса Ўзбекистонда йўқ. Бу ҳақида Daryo.uz сайти Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилованинг «Даракчи» газетасига берган интервьюси асосида хабар тарқатди.

«Кумуш ролига муносиб актрисанинг ўзи йўқ. Зайнаб ролига эса феъл-атвор жиҳатдан мос тушадиган актрисаларимиз жуда кўп. Отабек ролига мос актёр ҳам йўқ», — деди Гулчеҳра Жамилова.

Таниқли актрисанинг фикрича, агар «Ўткан кунлар» романи яна экранлаштирилса, уни фақат режиссёр Зулфиқор Мусоқов суратга олиши мумкин.

«Зулфиқор ўзи ҳам шу асарга қўл уриш истагида бўлган. Ёш режиссёрлардан бирортасини айтолмайман», — дея қўшимча қилди Ўзбекистон халқ артисти.