Ислом Каримов Франция халқига ҳамдардлик билдирди

2015 йилнинг 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Франция Республикаси Президенти Франсуа Олланд номига мактуб йўллади. Унда 13 ноябрь куни Париж шаҳрида юз берган қатор террористик актлар натижасида Франция фуқароларининг қурбон бўлганлиги муносабати билан чуқур таъзия изҳор этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ва яқинларига ҳамда жабрланганларга, шунингдек, бутун Франция халқига ҳамдардлигини етказишни сўради. «Қайғуйингизга ҳамдардмиз» сўзлари алоҳида қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь оқшомида Парижда давомли терактлар содир этилди.

Террорчилар аввалига Франция ва Германия ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтаётган «Стад де Франс» стадиони яқинида портлаш содир этди. Шундан сўнг, Сена дарёси бўйидаги бир қатор ресторанларда хўрандаларга қарата ўт очилди.

Энг асоратли воқеалар эса “Батлакан” театрида юз берди. Концерт вақтида бинога кириб келган жангарилар 4 томонга ўт сочиб, юз нафарга яқин кишини отиб ташлаб, кўплаб кишиларга жароҳат етказишди.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, терактлар оқибатида 129 киши ҳалок бўлган, 352 нафарга яқин одам тан жароҳати олган. Жароҳатланиб шифохонага ётқизилганларнинг 99 нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Париждаги терактларда 12 мамлакат фуқаролари ҳалок бўлгани билдирилмоқда. Айни пайтда Жазоир, Бельгия, Буюк Британия, Чили, Марокаш, Португалия, Руминия, Испания, Швеция, Тунис, АҚШ ва Франция фуқаролари мазкур фожиа қурбони бўлгани айтилган.

SHARE