Хоразмлик Моможон Ромонова 119 ёшни қарши олди

Моможон Ромонова Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги Қаландар Дўрман қишлоғининг «Манғитлар» маҳалласида истиқомат қилади. Бу йил онахон роппа-роса 119 ёшга тўлди.

Уч асрнинг оғир машаққатли даврларини бошдан ўтказган момо билан учрашиш мақсадида қишлоққа бордик. Невара-чевара келинлари ардоғида иззат-икром кўраётган онахон ҳали тетик. Аммо барибир бир асрдан кўпроқ ҳаётнинг юки босган. Ўз умр йўли ҳақидаги ҳикояларини гапириб беролмаса-да, унинг шу миқтигина жуссасидан, ажинли юзларидан бу йўл нақадар машаққатли ўтганини сезиш қийин эмас.

Хива хонлиги даврида туғилган момо иккита жаҳон урушининг оғир синовларини ўз бошидан кечирган. Колхозлаштириш даврининг қийинчиликларини енгиб ўтган. Оғир Тошсоқа қазувларида эркак­лар билан тенгма-тенг меҳнат қилган.

Онахоннинг келини, узоқ йиллар хўжаликда бригадир бўлиб ишлаган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими Дармонжон Ражабованинг ҳикоя қилишича, момо турмуш ўртоғи Сафарбой ака Қўчқоровдан қиз кўриб, исмини Марямжон қўйган. Қизча бир ярим ёшлигида оламдан ўтгач, момо бошқа фарзанд кўрмаган. Шундан кейин турмуш ўртоғини ўзи бош бўлиб, уйлантириб қўйган.

Сафарбой Қўчқоровнинг кейинги турмушидан дунёга келган тўққиз нафар фарзандни  ўз боласидек қабул қилган момо улар тарбиясига астойдил киришган. Болаларнинг онаси оламдан ўтгач, улар тарбияси тамоман момо зиммасига тушган.

Бугунги кунда момонинг етмиш нафардан зиёд невараси, ўттиз эвараси ва  олти нафар чевараси бор. Момонинг хонадони ҳар куни невара-чевара, қўни-қўшни ва уни зиёрат қилгани келувчилар билан гавжум.

Моможон Ромонова нафақат Ўзбекистонда, балки дунёда энг кекса аёл бўлса, ажаб эмас. Ахир 119 ёш бу — инсон учун ҳазилкам гап эмас.

Болтабой МУҲАММАД ҚУРБОН

Муаллиф олган суратлар.

“Оила даврасида” газетасидан олинди.

SHARE