Ўзбекистон террорчилик хавфи йўқ мамлакатлардан бири сифатида тан олинди

Иқтисодиёт ва тинчлик институти (The Institute for Economics and Peace) жаҳондаги террорчилик ҳаракатлари фаоллиги тадқиқига бағишланган «Террорчиликнинг 2015 йилги глобал рейтинги»ни чоп этди.

Daryo.uz сайтининг ёзишича, рейтингда Ўзбекистон сўнгги — 124-ўринни 39 мамлакат, хусусан, Куба, Шимолий Корея, Вьетнам, Лесото, Мўғулистон, Туркманистон, Қатар, Уммон, Жанубий Корея, Сингапур, Япония, Латвия, Литва, Финляндия каби давлатлар билан бўлишиб, террорчилик хавфи йўқ бўлган жаҳоннинг энг хавфсиз мамлакатларидан бири сифатида тан олинди.

Марказий Осиёнинг қолган мамлакатлари, хусусан, Тожикистон (84-ўрин), Қозоғистон (83) ва Қирғизистон (86) «террорчилик хавфи нисбатан паст» бўлган давлатлар қаторидан ўрин олган. Хитой 22, Россия 23, Туркия 27, Буюк Британия 28, АҚШ эса 35-ўринда жойлашган.

Ҳисоботда келтирилган маълумотлар бўйича, 2014 йилда террорчилик ҳаракатлари оқибатида қурбон бўлганлар сони 2013 йилги глобал кўрсаткичга нисбатан 80 фоизга кўпайган. Маълумотларга кўра, 2014 йили террорчилик ҳужумлари оқибатида 32 658 киши ҳалок бўлган.

Террорчилик ҳаракатларининг энг юқори фаоллиги беш мамлакат — Ироқ, Нигерия, Афғонистон, Покистон ва Сурияда кузатилган. 2014 йилги терактлар қурбонларининг 78 фоизи айнан мана шу мамлакатларда ҳалок бўлган. Мазкур давлатлар рейтингда ҳам пешқадам.

Биринчи ўнликдан, шунингдек, Ҳиндистон, Яман, Сомали, Ливия ва Таиланд ўрин олган, Украина 12-ўринни эгаллаган. Умуман, 2014 йил давомида 67 мамлакатда одамларнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ терактлар юз берган.

Тадқиқотда қайд этилишича, террорчилик ҳаракатларининг фаоллигига икки омил — давлат томонидан сиёсий зўравонлик ва тўлақонли қуролли низо сабаб бўлади. Ҳисоботда қайд этилишича, сўнгги 25 йил давомида юз берган терактларнинг 92 фоизи биринчи омил, 88 фоизи эса иккинчи омил талабларига жавоб берган.

 

SHARE