Ўзбекистонда жиҳод қилишга даъват қилган талаба қўлга олинди

Ўзбекистон милицияси Қўқон педагогика институти талабаси Мўминжон Сиддиқовни экстремистик материаллар тарқатгани учун қўлга олди.

12news.uz хабарида айтилишича, Сиддиқов ўз телефонига имом Рафиқ Камоловнинг динлар аро душманлик ва “Жиҳод” қилишга чақирувчи чиқишларини ёзиб олган.

“У ижтимоий тармоқда ўндан зиёд жиҳод билан боғлиқ бўлган профиллар эгалари билан ёзишиб борган ва ушбу фаолиятга шунчалик берилиб кетганки, ҳатто ўз атрофидагиларни ҳам жиҳод ва халифалик ташкил қилишга ундай бошлаган”, — дейди қидирув органлари вакили.

Талаба ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини унга қўшилишга чақирган. У ўз профилини чекланган кишилар учун очиб, унга “намоз ўқимайдиганларни нима дейиш мумкин” деб статус қўйган.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Ўзбекистоннинг икки фуқароси экстремистик мазмундаги материалларни олиб кирмоқчи бўлгани учун 3 йилга қамалди. Уларнинг телефони хотирасидан “Ўзбекистон Ислом ҳаракати” тероррчилик ташкилоти мафкуравий маърузалари топилган.

SHARE