“Ислом давлати” террористик ташкилоти сафида 10 мингдан ортиқ МДҲ вакиллари бор

“Ислом давлати” террористик ташкилоти сафларида 10 минг нафарга яқин Мустақил Давлат Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар вакиллари жанг қилмоқда. Бу ҳақида Сурия Араб Республикасининг Россиядаги элчиси Риад Ҳаддод маълум қилган.

Бундан аввалроқ, Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати директори ўринбосари Евгений Сисоев мазкур террористик ташкилот сафларида Россия ва МДҲ мамлакатларидан 7 минг нафарга яқин одам ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётганини айтган эди.

“РИА Новости” ахборот агентлиги хабарида айтилишича, 2015 йилнинг ўрталарида “Ислом давлати” террористик ташкилоти жангарилари сони 80 минг атрофида бўлиб, уларнинг 50 минг нафари Сурияда, 30 минг нафари эса Ироқда жанг олиб боради. Уларнинг 30 минг нафардан ортиғи хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳисобланади.