Ўзбекистон Сенати амнистия эълон қиладими?

Шу йилнинг 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади.

Сенат ахборот хизмати хабар беришича, Сенат ялпи мажлисининг муҳокамасига аҳоли турмуш даражасининг янада оширилишини ва унинг ижтимоий ҳимоя қилиниши кучайтирилишини, иқтисодиётнинг юқори ҳамда барқарор суръатларини, аҳоли бандлигини таъминлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги, шунингдек, 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисидаги масалаларнинг киритилиши режалаштирилмоқда.

Сенат ялпи мажлисининг кун тартибига мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини босқичма-босқич ислоҳ қилишга ва эркинлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилган тузатишларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунлари киритилмоқда. «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси (янги таҳрири) қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги,«Ветеринария тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар ҳамда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни, давлат қурилиши асосларини мустаҳкамлашни, инвестиция имкониятлари ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашни, тадбиркорликни ривожлантиришни, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали ривожлантиришни, аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги қўриқланиши таъминланишини, суд-ҳуқуқ соҳаси такомиллаштирилишини назарда тутувчи қонунлар шулар сирасидандир.

Шу билан бирга, навбатдаги ялпи мажлисда сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қиладилар.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади. Ўзбекистонда шаклланган анъанага кўра, парламент юқори палатасининг Конституция байрами арафасида ўтказиладиган ялпи мажлисида амнистия тўғрисидаги ҳужжат ҳам қабул қилинади.

Сенат матбуот хизмати амнистия ҳақида ҳеч қандай ахборот бермаган.

 

SHARE